ЎЗБЕКИСТОН АДОЛАТ СОЦИАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ

ЎЗБЕКИСТОН «АДОЛАТ» СОЦИАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ («Адолат» СДП) — Ўзбекистондаги сиёсий партиялардан бири. 1995 йил 18 февла партия таъсис қурултойида тузилиб, Дастури ва Устави қабул қилинган ва шу куни ЎзР Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган. Партиянинг бош мақсади — Ватан мустақиллигини мустаҳкамлаш, ислоҳотларнинг жадаллашувига, ҳуқуқийдемократик, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш ва пировардида, Ўзбекистонни жаҳонда ривожланган мамлакатлар сафидан мустаҳкам ўрин олишига муносиб ҳисса қўшиш. Партиянинг ғоявий негизини социалдемократиянинг 3 асосий принципи: сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий адолат ташкил этади. Қонун устуворлигини таъминловчи адолатли ижтимоий муносабатлар ўрнатилгандагина одил жамият қуриш мумкин бўлади. «Адолат» партияси ушбу йўналишдаги ишларни бажаришни ўзининг асосий вазифаси деб ҳисоблайди. Партия ўртаҳол ва кам таъминланган аҳоли табақаларига таянади ҳамда уларнинг сиёсий, ижтимоий иродасини намоён этишга интилади.

Партияга 50411 киши аъзо (2005 йил 1 янв.). Улар 3120 дан ортиқ бошланғич партия ташкилотларига бирлашган. Партия аъзоларининг 30,1 фоизи зиёлилар, 24,1 фоизи ишчилар, 10,3 фоизи деҳқонлар ва қ. х. ходимлари, 11,4 фоизи нафақачи ва пенсионерлар, 10,2 фоизи хизматчилар, 7,4 фоизи тадбиркорлар, 6,4 фоизи талабалардир. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳамда мамлакатнинг деярли барча шаҳар, туманларида партия Кенгашлари фаолият кўрсатмоқда. Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоят партия ташкилотлари йирик ташкилотлардир. Қурултой — партиянинг олий органи. У партия Сиёсий кенгаши томонидан камида 5 йилда бир марта чақирилади. Сиёсий кенгаш доимий ишловчи партия раҳбар органидир. «Адолат» СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси 10 депутатдан ташкил топган. Фракция раҳбари — партия Сиёсий кенгаши биринчи котиби Д. Ғ. Тошмуҳамедова. «Адолат» газ. партиянинг нашрий органидир.

Равшан Ҳайдаров.