ЎЗБЕКИСТОН АДВОКАТЛАР УЮШМАСИ (АССОЦИАЦИЯСИ) — республикада адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларни бирлаштирган мустақил нодавлат нотижорат ташкилот. 1997 йил таъсис этилган. Ассоциация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Адв«окатура тўғрисида», «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида», шунингдек, «Жамоат бирлашмалари тўғрисида», «Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида» қонунларига ҳамда адвокатура ва адвокатлик фаолиятини тартибга солувчи бошқа меъёрий ҳужжатларга асосланган ҳолда юритади. Ассоциацияга аъзолик ихтиёрийдир. Белгиланган тартибда адвокатлик мақомига эга бўлган ҳамда муайян адвокатлик тузилмаси ташкилий шаклида фаолият кўрсатаётган ҳар бир адвокат унга аъзо бўлиши мумкин. Ассоциациянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий бўлимлари мавжуд бўлиб, улар 24 та адвокатлар ҳайъати, 200 дан ортиқ адвокатлар фирмаси ва 300 дан ортиқ адвокатлик бюросидаги 2000 га яқин адвокатни ўзида бирлаштирган.
Мамлакатда кучли мустақил адвокатура тизимини барпо этишга кўмаклашиш, адвокатларни ўз вазифаларини амалга ошириш жараёнида уларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш, адвокатура фаолияти, шахс ҳуқуқ ва эркинликларига тааллуқли қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва муҳокама қилишда иштирок этиш, адвокатларга касб малакаларини оширишда амалий ёрдам кўрсатиш, аҳоли орасида ҳуқуқий билимларни тарғиб қилиш, хорижий давлатлар адвокатлари ва уларнинг уюшмалари билан, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро нодавлат ташкилотлари билан алоқалар ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш Ўзбекистон адвокатлар уюшмасининг асосий мақсад ва вазифаларидир. Ассоциациянинг олий бошқарув органи 4 йилда бир марта чақириладиган Адвокатлар ассоциациясининг съезди ҳисобланади. Съездлар оралиғида ассоциация Бошқаруви фаолият кўрсатади. Бошқарув аъзолари (ҳар бир ҳудудий бўлимдан 2 тадан) съезд томонидан сайланади. Ассоциацияга съездда сайланадиган раис раҳбарлик қилади. Унинг ваколат муддати 4 йил У шу даврда сайланадиган ёки тайинланадиган бошқа лавозимларда ишлаши мумкин эмас (илмийпедагогик ва адвокатлик фаолияти бундан мустасно). Ассоциациянинг нашрий органи «Адвокат пресс» ижтимоийҳуқуқий оммабоп газ. дир (2004 йил авг. дан чиқа бошлаган).
Баҳром Саломов.