ЎЗБЕКИСТОН БАДИИЙ АКАДЕМИЯСИ

ЎЗБЕКИСТОН БАДИИЙ АКАДЕМИЯСИ (ЎзБА) — Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатининг йирик арбобларини бирлаштирувчи ҳамда маданият, меъморлик, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, дизайн, музейшунос, илмий, ижодий, таълим тизимига эга ёш мутахассислар тайёрлашга илмий методик раҳбарлик қилувчи олий илмий методик ташкилот; Ўзбекистон бадиий ҳаётининг маркази. Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримовнинг «Ўзбекистон Бадиий Академиясини ташкил қилиш тўғрисида»ги 1997 йил 23 янв. фармонига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 март қарорига биноан, 1997 йилда Тошкент шаҳрида ташкил қилинган. ЎзБА таркибида 37 академик (фахрий аъзолари билан) бор. Раиси — Т. К. Дузиев (1997 йилдан). Олий органи — Бошқарув кенгаши; мажлислар оралиғида ЎзБА фаолиятига Раис бошчилигидаги Бошқарув раҳбарлик қилади. ЎзБАда халқаро алоқалар, ахборот ва маркетинг, таълим, методика ва ижодкор ёшлар билан ишлаш, молияиқтисод ва моддий техник таъминот, марказий ҳисобхона, ижодий бўлимлар бошқармалари мавжуд. ЎзБА миллий ва бадиий кадрларни тайёрлашда муҳим роль ўйнайди; унинг фаолияти тасвирий ва амалий санъат усталарига ғамхўрлик қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, ёш истеъдодларни кашф қилиш, кўргазмалар уюштириш, миллий анъаналарни ривожлантириш, бадиийлик асосида юксак маънавий тарбия беришга йўналтирилган.

ЎзБА бадиий таълим тизимида Санъатшунослик институти, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Республика рассомлик коллежи, Республика тасвирий ва амалий санъат лицейинтернати, А. Хўжаев номидаги Республика дизайн коллежи, Тошкент шаҳри, республика вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган тасвирий ва амалий санъат академик лицейлари ва коллежлари, ишлаб чиқариш устахоналари ва лаб. лар бор. Академия таркибида Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазма зали, «Хамар» халқаро алоқалар маркази, Бадиий кўргазмалар дирекцияси, Замонавий санъат маркази, Тошкент фотография уйи, ЎзБА махсус фонди, Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси, «Оқтош» Ўзбекистон рассомлари ижод уйи, Камолиддин Беҳзод мемориал мажмуи (боғ ва музей билан бирга), Халқаро маданият карвонсаройи, Тошкент халқаро биеннале дирекцияси (2001 йилдан ҳар 2 йилда ўтказилади — 2001, 2003, 2005), Тошкент халқаро болалар расмлари биеннале дирекцияси (ҳар 2 йилда), Тошкент халқаро фототанлови дирекцияси (2002 йилдан ҳар йили) каби ташкилотлар фаолият кўрсатади.

ЎзБА «Санъат» жур., «Ўзбекистон БА» буклетрежаси (Т., 2004), «Марказий Осиё нумизматикаси» (1—4 сонлари, 199699; 56 сонлари, 2001—02), «Тохаристон экспедицияси материаллари» (1—4 сонлари, 2000—03), «Бақтрия ўзбекяпон археология экспедицияси материаллари» (1—5 сонлари, 1997 — 2001) кабиларни нашр этади.

Ўзбекистон Республикаси тасвирий ва амалий санъатининг тараққиёт даражасини кўрсатишда кўргазмалар муҳим ўрин тутади. ЎзБА Ўзбекистон ҳукумати қарорига биноан уюштириладиган муҳим халқаро кўргазмаларнинг лойиҳа ва тадбирларини илмий ишлаб чиқиш ва бадиий безаш ишларини амалга оширади. Жумладан, ЮНЕСКОнинг Париждаги штабквартирасида «Буюк ипак йўли» шаҳарлари — Бухоро, Хиванинг 2500 йиллигига бағишланган кўргазмаларда қатнашди; ЎзБА етакчи олимлари «Буюк ипак йўли шаҳарлари» («БухороШарқ дурдонаси», «Хиваминг гумбазлар шаҳри», «Термиз — Буюк ипак йўли кесишган ердаги қадимий ва навқирон шаҳар» ва бошқалар) ҳамда буюк фан ва давлат арбоблари (Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Имом ал-Бухорий, Термизий, Ал-Фарғоний, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур, Камолиддин Беҳзод ва б.) га бағишланган китоб, китоб-альбомларни нашр этишга катта ҳисса қўшди.

ЎзБА Голландия, Греция, Франция, Швеция, Корея Республикаси, Сурия, Япония ва бошқалар мамлакатларнинг БА лари билан ҳамкорлик қилади; Германияда чоп этиладиган «У08ТОК» жур. да Ўзбекистон, унинг бадиий мероси, замонавий тасвирий ва амалий санъати ҳақида материаллар ёритилади.

Миллий ва жаҳон санъати, маданиятига ҳисса қўшганлар, кўп йиллик ижодий фаолияти, илмий асарлари, тадқиқотлари учун Камолиддин Беҳзод номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти билан бир қаторда Ўзбекистон БА мукофотлари — Олтин ва Кумуш медаллар билан тақаирланади.

Ад.: Ўзбекистон Бадиий Академияси, Т., 2004.

Турсунали Қўзиев.