ЎЗБЕКИСТОН БАДИИЙ ИЖОДКОРЛАР УЮШМАСИ

ЎЗБЕКИСТОН БАДИИЙ ИЖОДКОРЛАР УЮШМАСИ — республикадаги рассом, ҳайкалтарош, амалий безак санъати усталари ва санъатшуносларни уюштирган ижодий жамоат ташкилоти. 1932 йилда Ўзбекистон рассомлар уюшмаси номи билан ташкил этилган; 1997 йилдан ҳоз. номда. Уюшманинг асосий вазифалари: миллий тасвирий санъатнинг тарихий қадриятларга асосланган ўзига хос анъаналарини, кўргазмалар ташкил этишни ривожлантириш, юксак савиядаги бадиий асарлар яратилиши учун шартшароитлар яратиш. Уюшмага ўз истеъдодини намойиш этган рассомлар, ҳайкалтарошлар, амалий безак санъати усталари, тасвирий санъатга доир ишлари билан кўзга кўринган санъатшунослар аъзоликка қабул қилинади. Аъзоларининг ғоявий-сиёсий ва профессионал савиясини ошириш, улар ижодини оммалаштириш (йиғилишлар, илмий анжуманлар ўтказиш, кўргазмалар уюштириш ва бошқалар)га оид ишлар олиб боради, ижодий фаолиятини уюштиради ва моддий таъминлайди. Олий раҳбар органи — Съезд, съездлараро даврда — Бошқарув. Уюшмада 1256 аъзо бор, 14 та шўьба (ранг-тасвир, маҳобатли рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик, халқ амалий санъати, амалий безак санъати, плакат, безаш санъати, миниатюра, санъатшунослик, телевидение, кино ва театр рассомлиги, дизайн, бадиий фото, ёш рассом ва санъатшунослар ҳамда фахрий ижодкорлар кенгаши) ишлаб турибди (2005). Уюшмага турли йилларда Узбекистон халқ рассомлари И. Икромов, Р. Ахмедов, Ж. Умарбеков, Б. Жалоловлар раҳбарлик қилганлар. 1997 йилдан уюшма бошқаруви раиси Турсунали Қўзиев.

Loading...