ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ САНЪАТ МУЗЕЙИ

ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ САНЪАТ МУЗЕЙИ — маданий-маърифий, илмий муассаса; Ўрта Осиёда илк бор ташкил этилган бадиий музей. 1918 йилда Тошкент шаҳрида Халқ ун-ти музейи сифатида асос солинган; кейинчалик Марказий бадиий музей, 1924 йилдан Тошкент санъат музейи, 1935 йилдан ҳоз. номда. Музей Тошкентда яшаган князь Н. К. Романовнинг шахсий тўплами (рус ва Ғарбий Европа рассомлари яратган портрет ва тарихий картиналар, графика ва ҳай калтарошлик асарлари, бадиий мебель, чинни буюмлар ва бошқалар) негизида вужудга келган. Туркистон ўлкашунослик музейининг бадиий бўлимидан ва бошқалар музейларнинг фондларидан, шахсий тўпламлардан санъат асарлари келтирилиб бойитилган (В. Л. Боровиковский, К. П. Брюллов, В. А. Тропинин, И. М. Никитин, О. А. Кипренский, И. К. Айвазовский, С. В. Иванов, И. Н. Крамской, Н. Н. Ге, А. К. Саврасов, И. И. Шишкин, В. Г. Перов ва бошқалар); музейда 19-аср рус рассомларининг нодир асарлари тўпланган (И. Е. Репин, В. А. Серов, И. И. Левитан, Н. К. Рерих ва бошқалар). Музей фонди 50 мингдан зиёд экспонатга эга (2005), томошабинлар сони йилига 250 мингдан ошади.

Музейда Ўзбекистон халқ амалий санъати, Ўзбекистон тасвирий санъати, рус санъати, Ғарбий Европа санъати, Хорижий Шарқ халклари санъати бўлимлари, хазина, таъмирлаш устахонаси, фотолаборатория бор, лекторий ташкил этилган. Музей илмий муассаса сифатида Ўзбекистон тасвирий санъати бўйича илмий текшириш ишлари олиб боради: санъат асарлари сотиб олади, уларни илмий ёритади, музей хазинасидаги санъат асарларини таҳлил қилади, тавсифлайди, илмий асарлар, каталог, альбомлар нашр этади (мас, «Япон гравюраси Ўзбекистон давлат санъат музейи тўпламида» каталоги; «Давлат санъат музейи» альбоми, «Тошкентда энг яхши» туркум маълумот китоби ва бошқалар), хазинасидаги санъат асарлари асосида мавзули кўргазмалар ташкил этади, чет мамлакатлар (АҚШ, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Франция, Швейцария, Россия, Хитой, Япония ва бошқалар) кўргазмаларида иштирок этади (жумладан, «ЭКСПО—2000» халқаро кўргазмаси, Германияда; Халқаро гиламдўзлик кўргазмаси ҳамда «Қадимшунослик ва амалий санъат», АҚШда ва бошқалар). Айниқса, мустақиллик йилларида хорижий мамлакатлар билан ижодий алоқалар кенгайди. Музей Халқаро музейлар қўмитаси (ИКОМ) аъзосидир.

Музейга турли даврларда Ш. Ҳасанова, С. Абдуллаев, Д. Рўзибоев раҳбарлик қилган; 1997 йилдан музей раҳбари Насиба Иброҳимова.

Музей экспозицияси санъат жанри ва турларига ажратилган ҳолда хронологик тартибда тузилган. Ҳар бир залдаги экспонатлар санъат турлари, мактаблари, анъаналар ва ҳоз. ривожланиш марказларига қараб жойлаштирилган. Экспозиция Ўзбекистоннинг қадимий санъат ёдгорликлари — Зараутсой расмлари, Холчаёндан топилган ҳайкалларни, сўнг Ўзбекистон халқ амалий безак санъатини намойиш этиш билан бошланади. Ўрта Осиёда яшаб ижод этган рассомлар (И. С. Казаков, Н. Н. Каразин, Р. К. Зоммер ва бошқалар)нинг 250 га яқин санъат асарлари тўпланган, шу ерда ишлаган рассом П. Беньков, А. Волков, М. И. Курзин, Усто Мўмин (А. Николаев), О. Татевосян, В. Уфимцев, Н. В. Кашина, З. М. Ковалевская ва бошқаларнинг асарларига экспозициядан алоҳида ўрин берилган.

Музей фондининг катта қисмини Ўзбекистон тасвирий санъати асарлари ташкил қилади: Ўзбекистон табиат куйчиси Ў. Тансиқбоев, А. Абдуллаев, Я. Абдуллаев, Ш. Ҳасанова, Ч. Аҳмаров, Р. Аҳмедов, Н. Қўзибоев, С. Абдуллаев, Р. Чориев ижоди, тасвирий санъат тараққиётидаги уларнинг ҳиссаси музей экспозицияларида ўз аксини топган. Музей, шунингдек, бой ўзбек амалий санъати тўпламига эга: ганч, ёғоч ва тош ўймакорлиги намуналари, заргарлик, гиламчилик, каштадўзлик, кулолликка мансуб қимматли буюмлар ўзбек халқининг қадимий ва бой амалий безак санъати ҳақида мукаммал маълумот беради.

Музейда Ғарб (Италия, Испания, Германия, Нидерландия, Франция, Буюк Британия) ва Шарқ (Ҳиндистон, Хитой, Япония, Вьетнам, Мьянма) мамлакатларининг тасвирий санъат асарлари ва амалий санъати намуналарига кенг ўрин а»,л ■ берилган. Музей дастлаб князь Н. К. Романов саройида, 1935—66 йиллар Халқ ун-ти биносида жойлашган, 1974 йилдан (1966 йил Тошкент зилзиласида вайрон бўлган Халқ ун-ти биноси ўрнида) музей учун махсус қурилган бинода (меъморлари И. Абдулов, А. К. Никифоров, С. А. Роземблюм). Бино тарҳи содда куб шаклида, тарзлари металл синч (каркас) ли конструкциялар билан тўртбурчак шаклли қисмларга бўлинган, пойдевор ва пештоғи кулранг мармар билан қопланган. Музей биносида 1997 йилдан қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди; бинонинг 4 томонига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган замонавий ойналар ўрнатилди, улар залларни бир хилда майин ёритиб туриши санъат асарларини табиий ёруғликда кўриш имконини беради. Музей замонавий қўриқлаш ва ёнғинга қарши асбобускуналар, компьютерлар билан жиҳозланди.

Насиба Иброҳимова.

Loading...