ЎЗБЕКИСТОН ФИДОКОРЛАР МИЛЛИЙ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ

ЎЗБЕКИСТОН ФИДОКОРЛАР МИЛЛИЙ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ (ФМДП) — Ўзбекистондаги сиёсий партиялардан бири. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 25 июлда рўйхатга олинган ва шу йил Дастури ҳамда Устави қабул қилинган. Партиянинг асосий мақсади эркин бозор иқтисодиётига асосланган очиқ, ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамияти негизларини барпо этиш, аҳоли турмуш даражасини тараққий топган давлатлардаги халқларнинг турмуш даражасига етказиш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин олишига амалий ҳисса қўшишдан иборат. ФМДП келажакка ёшлар назари билан қарайди. Ёшларни юксак маърифатли, билимдон, ғоявий-сиёсий жиҳатдан ҳушёр, маънавий баркамол бўлиб вояга етишини таъминлашга интилади ва ёшлар манфаатини ҳимоя қилади. Партиянинг олий органи қурултой, у қоида тариқасида, 5 йилда 1 марта чақирилади. Заруратга қараб қурултой мақомига эга бўлган партия конференцияси ўтказилиши мумкин. Партиянинг раҳбар органи қурултой томонидан сайланадиган Марказий кенгашдир. Марказий кенгаш йиғилишлари оралиғидаги даврда партиянинг кундалик фаолияти Ижроия котибият томонидан амалга оширилади. ФМДПнинг 12 вилоят партия ташкилоти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, 203 туман ва шаҳар, 3500 бошланғич партия ташкилоти бор. ФМДП аъзоларининг умумий сони 61750 кишидан иборат (2004 йил нояб.), уларнинг 65 фоизини ёшлар (40 ёшгача бўлганлар) ташкил этади. ФМДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси 18 депутатдан иборат, фракция раҳбари А. С. Турсунов, ФМДП фракцияси Ўзбекистон либералдемократик партияси, «Адолат» социалдемократик партияси билан бирга парламентда «Демократик блок»ка бирлашган.

Партиянинг нашри — «Фидокор» газ. Шоира Умарова.

Loading...