ЎЗБЕКИСТОН ГЕОЛОГИЯ МУЗЕЙИ

ЎЗБЕКИСТОН ГЕОЛОГИЯ МУЗЕЙИЎзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси (Давгеолқўм) тасарруфидаги музей. 1988 йил очилган. Музей коллекциялари Ўзбекистонда геол. фаолиятининг 75 йил мобайнида йиғилган катта ҳажмдаги материаллар ҳамда музейга совға сифатида таниқли геологлар томонидан тақдим этилган шахсий коллекциялар, ЎзР табиатини акс эттирувчи суратлар билан бойитилган. Музей Давгеолқўмнинг тадқиқот ишлари олиб борадиган илмий ва ўқув марказига айланди. Ўзбекистон геология музейи геология соқасидаги олий ва ўрта таълим системасида ўқувмаърифий ишларни олиб бориш, турли чет эл компаниялари ва олимларнинг музей экспонатлари билан танишувини ташкил этиш ва геол. фани эришган ютуқларни кенг тарғибот қилиш билан шуғулланади. Музей 5 та кўргазма залидан: кириш, Ўрта Осиё ва Ўзбекистон ҳудудининг геологик ривожланиши тарихи, регионал геол. монографик палеонтологик коллекциялар ва фойдали қазилмалар, минералогия, геокимё, қадимий кончилик касбкорлиги тарихи ҳамда дунё геологик мероси залларидан иборат. Музейда геол. фанининг ривожланиши, ватанимизнинг илк геологлари, фойдали қазилма конларини очган дастлабки геологлар ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Махсус экспозиция Ўзбекистоннинг ёш суверен давлат сифатида шаклланиши, мамлакатда бозор муносабатларининг ривожланиши ҳамда минерал хом ашё ресурсларининг халқ хўжалигидаги ўрнини тасвирлайди. Экспозицияларда намойиш этилаётган экспонатларнинг умумий сони 32 минг дан ортиқ. Витриналарда киноварь минерали, молибденит, висмут, вольфрамит кристалларини ўзида сақлаб қолган ноёб намуналар намойиш этилган. Махсус петрографик коллекция ўз ичига 300 та намунани (вулканик тоғ жинслар — 228, метаморфик тоғ жинслари — 46, чўкинди тог жинслари — 26) қамраб олади; минералогик коллекция эса, 858 та ноёб намунадан, монографик палеонтологик коллекция 2631 та намунадан иборат, улардан 783 таси Марказий Осиё ва Ўзбекистон ҳудудининг ривожланиши тарихи залида ва 1848 таси монографик палеонтологик коллекпиялар залида жойлашган. Ўзбекистон геология музейи қошида Ўзбекистоннинг минерал хом ашё потенциалини акс эттирувчи турли хил кўргазмалар, тақдимотлар, чет эллик ҳамкорлар билан биргаликда геологик тадқиқотларни ўтказиш ва излаб топилган фойдали қазилмаларни ўзлаштириш масаласига оид учрашувлар ўтказилади. Музейда ноёб объектлар, янги конлар бўйича текшириш, қимматбаҳо металлар ва ярқирама тошлар хом ашёси, жумладан, заргарлик буюмларига эксперт хулосаларининг берилиши ва бошқалар тадқиқотлар амалга оширилади.

Loading...