ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИ АХБОРОТНОМАСИ

«ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИ АХБОРОТНОМАСИ» («Экономический вестник Узбекистана») — ойлик илмийамалий, ижтимоий-иқтисодий журнал. Муассиси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги. Ўзбек ва рус тилларида нашр қилинади. Журналнинг биринчи сони 1919 йил 30 мартда «Народное хозяйство Туркестана» номи билан чиққан. 1924 йилдан — 1965 йил янв. гача фақат рус тилида турли номлар билан чиқарилган. 1965—1990 йилларда Республика Режа қўмитаси органи сифатида «Экономика и жизнь» номи билан нашр этилди, 1990 йилда унинг асосида «Ҳаёт ва иқтисод» ҳамда «Жизнь и экономика» нашрлари ташкил этилган. 1993 йилдан ЎзР Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитасининг ижтимоийиқтисодий жур. сифатида «Иқтисод ва ҳисобот» ва «Экономика и статистика» номларида нашр этила бошлади. 1998 йилдан жур. илмийамалий мақом олди ва ҳоз. номда нашр этилади. Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ривожланишнинг энг янги йўналишлари, иқтисодий ислоҳотлар, макро ва микроиқтисодиёт, менежмент ва корпоратив бошқарув, ташқи иқтисодий фаолият, кичик ва хусусий тадбиркорлик, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолияти ва бошқалар мавзулар ёритилади. Адади 3000 нусха (2005).

Loading...