ЎЗБЕКИСТОН ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ИНСТИТУТИ — жисмоний тарбия ўқитувчилари ва спорт турлари бўйича мутахассислар тайёрловчи олий таълим муассасаси. 1955 йилда Тошкентда жисмоний тарбий техникуми асосида ташкил этилган. Ҳоз. кунда Ин-тда 4 та фт (спорт ўйинлари, яккакураш спорт турлари, сиртқи таълим ва малака ошириш), 19 та кафедра, 4 та муаммолар лаб., докторантура, аспирантура, нашриёт, босмахона, 170 минг асар жамғармасига эга кутубхона, 6 та спорт зали, 12 та спорт майдони, 240 ўринли талабалар уйи мавжуд. Шунингдек, ин-т қошида Ўзбекистон Олимпия академияси, ихтисослашган илмий кенгаш, «Фан — спортга» илмий жур. таҳририяти фаолият кўрсатади. 2004/05 ўқув йилида Ин-тда 2123 талаба таълим олди, 156 проф. ўқитувчи, жумладан, 11 фан дри, 41 фан номзоди ва доцент ишлади. Интда спорт турлари ва касбий таълим (жисмоний тарбия ва жисмоний маданият) йўналишлари бўйича бакалаврлик ҳамда 16 мутахассислик бўйича магистрлар тайёрланади. ин-т талабалар спорт жамоаси республикада ўтказилаётган «Универсиада» ўйинларида етакчилик қилиб келаяпти. «Тўмарис» (волейбол) ва Жисмоний тарбия институти спорт клуби (баскетбол) аёллар жамоалари эса Ўзбекистон чемпионатларининг кўп карра ғолибидир. Ин-тда таҳсил олган Собир Рўзиев, Руфат Рисқиев, Лина Черязова, АрТур Григорян, Оксана Чусовитина, Миржалол Қосимов, Рустам Саидов каби спортчилар жаҳон чемпионатлари, олимпиада ва Осиё ўйинларида чемпион бўлишган. Ин-тнинг илмий педагогик фаолияти Ҳожи Аҳмад Тўрахўжаев, Роза Рафиқова, Вадим Аванесов, Озода Рихсиева, Абдуҳамид Ҳамроқулов, Тўлқин Юнусов каби олимлар номлари билан боғлиқ. ин-т олимлари Германия, Корея Республикаси, Польша, Россия, Украина, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларидаги турдош ўқув юртлари мутахассислари билан илмий ҳамкорлик қилишади.
Ропижон Қудратов.