ЎЗБЕКИСТОН ЖУРНАЛИСТЛАРИ ИЖОДИЙ УЮШМАСИ

ЎЗБЕКИСТОН ЖУРНАЛИСТЛАРИ ИЖОДИЙ УЮШМАСИ — мустақил, ўзини ўзи бошқарувчи, нодавлат жамоат бирлашмаси. 2004 йил 26 март Тошкентда ижодий уюшмани тузиш бўйича ташаббускор гуруҳ раҳбарлигида ўтказилган таъсис конференциясида Ўзбекистон Оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллабқувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармасининг қонуний вориси сифатида ташкил топган. Дастлаб Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси (Кенгаши, 1957), Ўзбекистон Оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллабқувватлаш ижтимоий-сиёсий фонди (1996) деб номланган.

Ижодий уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси, 12 вилоят ва Тошкент шаҳрида бўлимлари бор. Уюшма қошида 10 ижодий кенгаш фаолият юритади.

Уюшманинг асосий мақсади журналистларнинг жамиятда тутган ўрни ва мавқеини кўтариш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, турли газ., журналлар, теле ва радиоканалларда, нашриёт ва ахборот агентликларида ишлаётган, шунингдек, эркин ижодкорларнинг ижтимоийиқтисодий, ижодий ҳамда муаллифлик ҳуқуқларини, шаъни ва қадрқимматини, давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг муассислари ва ноширлари олдидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир.

Уюшманинг олий раҳбар органи Конференция бўлиб, у ҳар 5 йилда камида бир марта чақирилади. Конференция оралиғидаги даврда уюшма фаолиятига Уюшма бошқаруви раҳбарлик қилади.

Уюшма қошида Ўзбекистон миллий матбуот маркази фаолият кўрсатади. «Истиқлол» нашриёти, «Журналист» шўъба корхонаси мавжуд.

Ижодий уюшма томонидан ҳар йили «Йилнинг энг фаол журналисти» ва «Энг улуғ, энг азиз» («Тасвирий ойна» ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда) ижодий танловлари ўтказиб келинади.

Ҳамид Султонов.