
ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ ФЕДЕРАЦИЯСИ ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ СПОРТ ЖАМИЯТИ
ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ ФЕДЕРАЦИЯСИ ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ СПОРТ ЖАМИЯТИ — Ўзбекистондаги спорт жамиятларидан бири. 1987 йилда «Спартак», «Меҳнат», «Пахтакор», «Зенит», «Буревестник», Ўзбекистон ва Ўрта Осиё темир йўлининг «Локомотив» кўнгилли спорт жамиятлари тугатилиб, улар ўрнида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг республика кўнгилли жисмоний тарбияспорт жамияти тузилган эди. 1991 йил нояб. да унга «Ўзбекистон» касаба уюшмалари жисмоний тарбияспорт жамияти номи берилди. 1998 йил 4 июлдан ҳоз. номда. Бу жамиятнинг асосий вазифаларига касаба уюшмалари кучимкониятларини бирлаштириб, меҳнат жамоалари, ўқув муассасалари, турар жойларида жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, тармоқ ходимлари ва уларнинг оила аъзолари бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида оммавий спорт мусобақалари, туристик саёҳатлар ва бошқалар маданийспорт тадбирларини уюштириш киради. Жамиятнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят, туманларда бўлимлари фаолият кўрсатади. 5863 та бошланғич ташкилотида 1 млн. 430 мингдан зиёд аъзоси бор, улардан 685 минг нафари спорт тўгараклари ва соғломлаштирувчи гуруҳларда шуғулланади. Жамиятда футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, кураш каби 60 та спорт тури кенг оммалашган. Шуғулланувчилар 236 та стадион, 347 та спорт зали, 109 та бассейн ва 6478 та спорт майдончасида машғулот олиб боришади. Улардан 29 стадион, 12 спорт зали, 12 бассейн ва 50 та спорт майдончаси бевосита жамиятга қарашлидир. Жамиятдаги 67 та болаларўсмирлар спорт мактабида 2412 нафар мутахассис 19898 ўқувчи билан машғулот ўтказади (2005). Жамият аъзоларидан Оксана Чусовитина (спорт гимнастикаси), Александр Доктуришивили (юнонрум кураши), Бекзод Хидиров (бокс), Сергей Лагутин (велоспорт), Антон Ряхов (байдарка), Гўзал Хуббиева (енгил атлетика) каби етакчи спортчилар олимпиада, Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида совриндор бўлишган.