ЎЗБЕКИСТОН КОНСЕРВАТОРИЯСИ, Ўзбекистон давлат консерваторияси — мусиқа санъати соҳасида республикада етакчи таълим муассасаси. 1936 йил Олий мусиқа мактаби (1934) негизида Тошкент консерваторияси сифатида ташкил топган. 1976—2002 йилларда Мухтор Ашрафий номида, 2002 йилдан ҳоз. номда. Ўзбекистон консерваториясида 5 фт, 24 кафедра, бакалавриат, магистратура, ассистентстажёрлик, аспирантура ва малака ошириш босқичлари, иқтидорли болалар академик лицейи мавжуд. 1000 дан зиёд талаба ва ўқувчилар композиция, мусиқашунослик, хор ва операсимфоник дирижёрлиги, европа классик, миллий ва эстрада йўналишидаги ижрочилик (созандалик ва хонандалик турлари), замонавий технологиялар (мусиқий овоз режиссёрлиги), мусиқий педагогика, танқид ва журналистика каби ихтисосликлар бўйича таълим олмоқда (2005). Шунингдек, унинг таркибида мусиқали театрстудия, симфоник, ўзбек халқ, пуфлама ва эстрада чолғулари оркестр ва ансамбллари (мас, Фахриддин Содиқов номидаги «Мақом» ансамбли, бигбэнд, торли квартетлар ва бошқалар), хор жамоалари, «Миллий чолғулар» музейи ва илмий ишлаб чиқариш лаб., Ихтисослашган илмий текшириш маркази, «Мусиқа» нашриёти, фонотека, кутубхона, «Халқ мусиқа ижодиёти» лаб., овоз ёзиш студиялари фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон консерваториясида турли йилларда К. Лисовский, В. Успенский, Я. Пеккер, Ъ. Надеждин, М. Ашрафий, А. Козловский, Б. Зейдман, Н. Яблоновский, Ъ. Гиенко, Ҳам. Раҳимов, Н. Ҳошимов, Ил. Акбаров, И. Ражабов, Ф. Содиқов, Ф. Кароматли, Ф. Мамадалиев, М. Рейсон, А. Геккельман, В. Пўлатов ва бошқалар дарс берган. Консерваторияда 2004—2005 ўқув йилида 50 проф. (С. Қобулова, Т. Алиматов, З. Ҳақназаров, Қ. Муҳиддинов, О. Юсупова, Ф. ЯновЯновский, А. Одилов, Т. Ғафурбеков, Р. Юнусов ва бошқалар), 70 дан зиёд доцент ишлади.
Ўзбекистон консерваториясида ўқув жараёнининг муҳим босқичи — ижодий фаолиятидир. Консерватория жамоаси йилига 300 дан зиёд турли концерт ўтказмоқда. Концертижрочилик фаолиятига 38 та Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист ва бошқалар фахрий унвонларга эга мутахассислар, шунингдек, 80 дан зиёд халқаро ва республика танлов лауреатлари ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Консерваториянинг илмийуслубий фаолияти, асосан, ўзбек мумтоз ва замонавий мусиқа, Марказий Осиё ва жаҳон халклари мусиқа ижоди, мусиқа назарияси ва тарихи, ижрочилик масалалари билан боғлиқ.
2002 йилда ЎзР Президенти И. Каримов ташаббуси билан қурилган янги биноси (бош меъмор В. Спивак, меъморлар А. Калисломов, Р. Шокиров ва бошқалар, рассомлар О. Хабибулин, В. Ган, Р. Худойберганов ва бошқалар) энг замонавий ускуналар ва чолғулар билан таъминланган. Умумий ҳажми 35.180 кв. м, 305 аудиторияси, 4 концерт зали, 4 овоз ёзиш студияси, спорт заллари ва бошқалар мавжуд.
Дилора Муродова.