ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ

ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ (ЎзЛиДеП), Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либералдемократик партияси — Ўзбекистондаги сиёсий партиялардан бири. 2003 йил 15 нояб. да партиянинг таъсис съезди ва Сиёсий кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда партиянинг Сиёсий кенгаши, Ижроия қўмитаси сайланиб, устав ва дастури тасдиқланди. 2003 йил 3 дек. да ЎзЛиДеП Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар кенгроқ фаолият кўрсатиши учун янги имкониятларни очиш, мамлакатнинг манфаатлари ва унинг тараққиётининг стратегик истиқболларига жавоб берадиган, бозор иқтисодиёти, ҳуқуқий давлат принципларига асосланган демократик давлат барпо этиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиш, халқнинг, аввало, ёшларнинг онгига демократик қадриятларни етказиш ва жорий этиш билан боғлиқ ҳаракат дастурини амалга оширишга куч ва имкониятларни сафарбар қилиш партиянинг асосий мақсади ҳисобланади.

3 йилда камида 1 марта чақириладиган Съезд партиянинг олий раҳбар органидир. Сиёсий кенгаш, Сиёсий кенгашнинг Ижроия қўмитаси, Марказий назораттафтиш комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шунингдек, туман (шаҳар)лар Кенгашлари партия бошқарувининг раҳбар органларидир. Партия ташкилотининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар Кенгашлари, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолият юритади. Партиянинг 7000 дан ортиқ бошланғич ташкилоти бўлиб, партия аъзолари сони 144628 кишидан иборат (2005 йил март).

ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М. М. Тешабоев. Ўз ЛиДеПнинг 41 аъзоси ЎзР Парламентининг Қонунчилик палатаси депутати ва 33 аъзоси сенатор ҳисобланади. Партия Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси аъзоси А. Х. Шодмонов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ЎзЛиДеП фракциясининг раҳбари этиб сайланган. «XXI аср» ҳафталик газетаси (2003 йил 15 нояб. да таъсис этилган) ЎзЛиДеП нашридир.