ЎЗБЕКИСТОН МАДАНИЯТИ ВА САНЪАТИ ТАРИХИ ДАВЛАТ МУЗЕЙИ

ЎЗБЕКИСТОН МАДАНИЯТИ ВА САНЪАТИ ТАРИХИ ДАВЛАТ МУЗЕЙИ, Акмал Икромов номидаги Ўзбекистон маданияти ва санъати тарихи давлат музейи — маданий-маърифий муассаса; Самарқанд шаҳрида. 1982 йилдан Самарқанд бадиий музейқўриқхонаси таркибидаги бош музей. 1896 йилда Самарқанд статистика қўмитаси музейи сифатида очилган; 1911 йилдан Самарқанд шаҳри музейи, 1921 йилдан Самарқанд вилояти музейи, 1927 йилдан ўлка музейи, 1930 йилдан Ўзбекистон Марказий давлат музейи, 1937 йилдан Самарқанд вилоят ўлкашунослик музейи. 1945 йилдан Ўзбек халқи маданияти республика музейи, 1955 йилдан Ўзбекистон маданияти ва санъати тарихи республика музейи; 1968 йил А. Икромов номи берилган; 1969 йилдан ҳоз. номда.

Музейда 5 та экспозицион бўлимлар (тарих, санъат ва этнография, илмиймаърифий, кўргазмалар ва фонд), кутубхона, кинозал, фотолаборатория, илмий таъмирлаш устахонаси, архив бор. Музей хазинаси ва экспозициялари археология, нумизматика, этнография, амалий безак ва тасвирий санъат асарлари, меъморий қисмлар, қимматли ҳужжатлар, китоб ва қўлёзмаларнинг бой тўпламига эга.

Музей хазинасида 208 минг дан зиёд экспонат бор (2005), томошабинлар сони йилига 50 мингдан ошади.

Музей илмий муассаса сифатида илмий текшириш ишлари олиб боради, 1976 йилдан республика ва халқаро кўргазмаларда иштирок этади; хорижий музейлар билан алоқалар йўлга қўйилган. Хазинасидаги ҳамда республикадаги бошқа музейлар ва чет мамлакатлар музей ва тўпламлари материаллари асосида йилига 20 дан ортиқ кўргазмалар уюштиради. Музей Халқаро музейлар қўмитаси аъзоси.

Музейда турли даврларда В. Л. Вяткин, М. Е. Массон, Л. М. Ремпель ва бошқалар олимлар ишлаган.

Музей 1911 йилдан музей ва кутубхона учун қурилган бинода, 1930 йилдан Улуғбек ва Шердор мадрасаларида, 1934 йилдан савдогар А. Калонтаровнинг собиқ уйида жойлашган; 1978 йилдан Регистон майдонида музей учун махсус қурилган бинода (меъмори М. С. Булатов); умумий майд. 10 минг кв. м. экспозиция ва кўргазма заллари майдони 5 минг кв. м.

Loading...