ЎЗБЕКИСТОН МАТБУОТИ

«ЎЗБЕКИСТОН МАТБУОТИ» — маънавий-маърифий, илмий-сиёсий журнал. Муассиси: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси. 2 ойда бир марта чиқади.

Жур. дастлаб «Туркистон матбаачиси» («Туркестанский печатник», 1918 — 24) номи билан ўзбек ва рус тилларида яхлит ҳолда ойда 2 марта чиққан. Кейинчалик унинг ўрнига ўзбек тилида «Мухбирлар йўлдоши» (1928 — 38), «Большевистик матбуот» (1939—41), рус тилида «Наш рабкор» (1924—25), «Трибуна рабкора» (1927—28), ўзбек ва рус тилларида «Маҳаллий матбуот ходимларига ёрдам» («В помогдь работникам местной печати», 1952—64), «Ўзбекистон матбуоти» («Печать Узбекистана», 1965—68), «Мухбир» («Корреспондент», 1969—90) жур. лари чоп қилинган. Жур. 1991 йил янв. дан ҳоз. номда.

«Ўзбекистон матбуоти» мулкчилик шаклйдан қатъи назар, республика оммавий ахборот воситалари (ОАВ) — газ. журналлар, телерадио, ахборот агентликлари, нашриётлар, босмахоналар, китоб савдоси, ижодий уюшмалар фаолиятини кенг ёритиб боради. Кейинги йилларда республика ОАВларидаги ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёни, шу жумладан, журналистларнинг касб маҳоратини ошириш, уларнинг ижодий ва амалий тажриба алмашишига кўмаклашиш, журналист кадрларни тайёрлаш ва ахборот воситаларининг янги технологик тизимини такомиллаштириш ҳамда дунё мамлакатларидаги ОАВлари фаолиятига доир янгилик ва тажрибаларни Ўзбекистон ОАВлари орасида оммалаштиришга доир мавзулар кенг қамраб олинмоқда.