ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ БОҒИ, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий боғи — Ўзбекистонда мамлакат миқёсидаги энг йирик маданият ва истироҳат боғи. Тошкент шаҳрининг марказий қисмида жойлашган; майдони 69 га. 1991 йилда Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги тантаналари муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримов ташаббуси билан бунёд этилган. Тошкент шаҳрининг ёшлари ташаббуси билан ҳашар усулида қурилиб ишга туширилган истироҳат боғи (1938) ҳамда боғ билан Халқлар Дўстлиги саройи оралиғидаги ҳудудда лойиҳа асосида меъморий мажмуа юзага келтирилди. Мажмуа марказида фавворали айлана ҳовуз, амфитеатр шаклидаги томошабинлар жойлари ва саҳна, каналлар устидаги кўприклар ва тепаликда ўрнатилган Навоий ҳайкали, амфитеатрнинг икки ёнида Олий Мажлис ва «Наврўз» бинолари жойлашган. Миллий боғнинг янги қисми шарқона «чорбоғ» услубида лойиҳаланган мунтазам тартибли кенг ва шинам йўлкалардан иборат мумтоз композицияга эга. Ҳудуддаги табиий пастибаландликлардан оқилона фойдаланиб сўлим маскан, ажойиб манзара яратилган. Боғнинг муҳим таркибий қисми Алишер Навоий мемориал мажмуидир (меъморлар: В. Акопжанян, Д. Латипов; ҳайкалтарошлар: Э. Алиев, Н. Бандзеладзе, В. Дегтяров). Боғнинг тепалик қисмидаги айвон (ротонда) анъанавий услубда ишланган: устунларга ўрнатилган феруза гумбаз, унинг остида Навоийнинг маҳобатли ҳайкали қад кўтарган; пойгумбаз муқарнаслар билан, гумбаз ичи ганчкорлик билан безатилиб, шоирнинг тинчлик ва эзгуликни мадҳ этувчи мисралари битилган. Мемориал мажмуага мармар зиналар орқали чиқилади. Миллий боғ ҳудудидаги йирик жамоат бинолари — Халқлар Дўстлиги саройи, Олий Мажлис биноси, «Наврўз» ресторани, Абулқосим мад~ расаси, айлана шаклидаги саҳна ва амфитеатр уйғунликда яхлит мажмуа ҳосил қилади. Миллий боғдаги сув ҳавзалари, боғдан оқиб ўтган каналлар (2 та чархпалак ўрнатилган), фавворалар, кўкаламзорлар (терак, акация, арча, қарағай, тут, чинор ва бошқалар, майсазор ва гулзорлар) хушманзара кўринишга эга. Миллий боғ Тошкент шаҳрининг энг гўзал ва сўлим масканларидан бўлиб, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари дам олиши, ҳордиқ чиқариши учун қулайликлар яратилган; боғда Наврўз (2000 йилдан) ва Мустақиллик (2005 йилдан) байрамларининг бош тантаналари ҳамда халқ сайиллари ўтказилади, турли маданий-маърифий тадбирлар уюштирилади. Миллий боғ 2005 йилда қайта таъмирланиб, яна ҳам кўркам қиёфага кирди.