ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ КУТУБХОНАСИ

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ КУТУБХОНАСИ, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат миллий кутубхонаси — Ўзбекистондаги энг йирик кутубхона; кутубхонашунослик ва библиография бўйича ЎзРнинг илмийуслубий маркази. Республиканинг маънавий-маданий маркази сифатида жамиятнинг маънавий ва ахборот эҳтиёжларини қондириш, фан, маориф, миллий маданиятни бойитишга хизмат қилади, мамлакатдаги барча кутубхоналар учун кутубхоначилик, библиография, илмий текшириш методика ва ахборот ишларини амалга оширади. Ўзбекистон миллий кутубхонаси Халқаро қутубхоналар ассоциациясига аъзо.

Тошкент шаҳрида 1870 йилда Тошкент оммавий кутубхонаси номи билан асос солинган. 1886 йилдан Туркистон оммавий кутубхонаси, 1919 йилдан Туркистон халқ қутубхонаси деб аталган. 1925 йилдан Ўзбекистон давлат кутубхонаси, 1929 йилдан Ўрта Осиё давлат оммавий кутубхонаси, 1934 йилдан Ўзбек давлат оммавий кутубхонаси. 2002 йилдан ҳоз. номда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасарруфида. 1948 йилда Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан кутубхонага шоир номи берилган. Ўзбекистон миллий кутубхонаси Республика илмий техника кутубхонаси ва Ўзбекистон миллий китоб палатасини ўзида бирлаштирган йирик билим масканидир. Фондида 6,5 млн. га яқин китоб бор (2005); шундан 5,2 млн. китоб ва даврий нашрлар, 541,7 минг микрофильмлар, 2,073 млн. Илмий-техника адабиёти, 364,8 минг чет тиллардаги адабиёт, 33,9 минг техник норматив ҳужжатлар ташкил қилади. Улар орасида ўзбек ва Шарқ мумтоз адабиёти намуналари (тўплами), жаҳоннинг 75 дан ортиқ тилларидаги китоблар мавжуд. 300 ўринли 9 та қироатхона, 20 ўринли интернет марказ, медиа марказ, 10 ўринли интернетга уланган ўқув компьютер маркази бор. Китобхонларнинг ўртача қатнови йилига 500 мингни, китоб берилиши 1,7 млн. нашрни ташкил этади; 13 мингдан зиёд турли хусусиятга эга бўлган маълумотлар бериш амалга оширилади.

Ўзбекистон миллий кутубхонасида қуйидаги бўлимлар мавжуд: китобхонларга хизмат кўрсатиш; фондни бутлаш; адабиётларга ишлов бериш ва каталоглар бўлими, китоб сақлаш; илмийуслубий; миллий библиография; ахборот; ўсмирлар бўлими; маданият ва санъат бўйича илмий ахборот; чет эл адабиётлари; қутубхоналараро абонемент (КАА); автоматлаштириш ва ахборот технологияси; илмий тадқиқот маркази; нашриёттаҳририят; нодир ва қадимий нашрлар; депозитар сақлаш фонди; назоратдиспетчер, маъмурий хўжалик бўлими.

Ўзбекистон миллий кутубхонасининг асосий вазифаси китобхонларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш, йиғилган ахборотни китобхонга етказиш, ўтмишнинг бой тарихий маданий меросини, ахлоқий ғояларга тўла асарларни тўла ўрганишга ёрдам беришдир. Унинг ўта қимматбаҳо ва нодир нашрлар фонди кутубхона китоблар тўпламининг фахри бўлиб, унда 15 мингдан ортиқ нодир китоблар ва қўлёзмалари бўлган 250 мингдан ортиқ нашрдан иборат материаллар сақланади. Улар орасида Ўрта Осиёнинг 20-аср бошигача бўлган тарихи, этнографияси, географияси ва маданиятига оид 594 жилддан иборат ноёб энциклопедия — «Туркистон тўплами», А. Л. Кун томонидан тузилган 1200 дан ортиқ ноёб фотосуратларни ўз ичига олган 4 қисмли «Туркистон альбоми», Ш. Иброҳимов тузган «Тақвим» (1871), даврий нашрлар, «Острог инжили» (1581), «Арифметика» (1703), «9немис инжили» (1489), «Шарқ қутубхонаси» (1697) ва бошқалар мавжуд. Ўзбек адабиётининг йирик вакиллари Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ва бошқаларнинг ҳаётлигида илк бор нашр этилган асарлари катта аҳамиятга эга. Кутубхона ҳар йили фондини бутлашнинг турли манбаларидан ўртача 15—20 минг нусха нашрлар олади.

Кутубхона республикада нашр этиладиган асарларнинг 2 назорат нусхасини олади. 2003 йилдан хорижий даврий нашрлар обунаси учун (у хоҳ қоғозда, хоҳ электрон кўринишида бўлсин) валюта маблағи билан таъминланган. 1956 йилдан Халқаро китоб айирбошлаш ишлари, 30 мамлакат ва 150 дан ортиқ ташкилотлар билан кенг алоқалар йўлга қўйилган. Жумладан, Германия (жаҳоннинг 125 номдаги илмий журналларига обуна), АҚШ (диссертация авторефератлари ва бошқаларнинг электрон базасидан фойдаланиш) компаниялари билан алоқалар ўрнатилган. Кутубхона мутахассислари Халқаро конференция, семинарларда иштирок этади, хорижда малака оширади. Шунингдек, кутубхона мунтазам уюштириладиган Ўзбекистондаги Германия, АҚШ, Швейцария, Россия, Украина, Хитой, Япония, Эрон, Малайзия элчихоналари, халқаро жамғарма ва ташкилотлар (АҚШ элчихонаси Ахборот маркази, Жаҳон ва Осиё тараққиёт банки ваколатхоналари ва бошқалар) билан фаол ҳамкорлик қилади. Бу алоқалар кутубхона фондини тўлдириш, турли анжуманлар ўтказиш, китоб кўргазмалари, чет тилларни ўрганиш, малака алмашиш, маърифий ишларда иштирок этишда ҳамда кутубхонани техника билан жиҳозлаш, нодир нашрлар ва тўпламларни саклашда ўз самараларини бермоқда.

1998 йилдан кутубхоначилик жараёнларини автоматлаштириш, 1999 йилдан ватан ва чет эл нашрларига янги электрон каталог тузишга киришилган. 2000 йилда Ўзбекистон миллий кутубхонасининг 130 йиллиги кенг нишонланди. Кутубхона адабиётлар тарғиботининг турли анъанавий ва ноанъанавий шакл ва усулларидан унумли фойдаланади: китобрасмли кўргазмалар, адабий-бадиий композициялар, тасвирий санъат асарлари кўргазмалари ва бошқалар ташкил қилади. Йилига 30 номда методик библиография қўлланмалари, кўрсаткичлар, янги адабиётлар каталоги, йўриқнома қўлланмалари («Мустақил Ўзбекистоннинг муҳим ва унутилмас саналари тақвими», «Ўзбекистон Республикаси маданий ҳаёти кўриниши», «Кутубхоначилик дунёси», «Ўзбекистон маданияти ва санъати»га оид янги адабиётлар ва бошқалар) ва бошқалар нашр этади.

Ад.: Государственная библиотека Узбекистана имени Алишера Навои (1870—1970), Т., 1977; Корнилийцин А. И., Судьбм книг. Т., 1994; Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси (эслатма), Т., 2003. Абдусалом Умаров.

Loading...