ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ

ЎЗБЕКИСТОН «МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ» ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ (ЎзМТДП) — Ўзбекистондаги сиёсий партиялардан бири. 1995 йилнинг 3 июнида бўлиб ўтган таъсис қурултойида ташкил топган. ЎзМТДП теран миллий руҳ ва дунёқарашга эга бўлган, руҳан ва қалбан ватанпарварлик ғояларини, сиёсий жиҳатдан ўз тақдирини ўзи белгилашга, ўз-ўзини бошқаришга интилаётган, ўзлигини англаш, миллий бирлик ва миллий тикланишни муҳим ҳаётий мақсадлари деб ифода этаётган фуқароларнинг қарашлари ва манфаатларини бирлаштиради. ЎзМТДП зиёлилар, миллий тараққиёт йўлидан бораётган мулкдор ва тадбиркорлар, ижодий фаолият билан машғул интеллектуал меҳнат соҳаси вакиллари, истиқлол ғоясига садоқатли ёшлар, ўз манфаатларини умуммиллий манфаатлар билан уйғунликда кўраётган фуқаролар ҳамда партиянинг дастурий мақсадига хайрихоҳ бошқа ижтимоий табақаларга суянади ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилади. Партиянинг олий органи Қурултой бўлиб, партия Марказий кенгаши томонидан камида 5 йилда бир марта чақирилади. Қурултойлар оралиғида партиянинг доимий ишлайдиган раҳбар органи — Марказий кенгаш (ҳайъат)дир. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар партия кенгашлари партиянинг минтақавий ташкилотлари ҳисобланади. Шаҳар ва туманларда Ўз МТДПнинг шаҳар ва туман кенгашлари фаолият юритади. Партия ўз атрофига 50 мингдан ортиқ аъзони бирлаштирган (2005).

ЎзМТДП 1999 йил 8 дек. да илк бор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига бўлиб ўтган сайловларда иштирок этди ва парламентда 12 депутатдан иборат ўз фракциясини тузди. Фракция аъзолари парламент қўмиталари ва комиссиялари таркибида қонунчилик фаолиятини олиб борди, Олий Мажлиснинг барча иш йўналишларида, назораттаҳлил жараёнида, мафкуравийоммавий тадбирларда иштирок этди. 2004 йил 26 дек. да икки палатали парламентга ўтказилган сайловларда 11 нафар партия аъзоси Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди. Партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракциясига партия Марказий кенгаши раиси Х. Н. Дўстмуҳамедов раҳбарлик қилади. ЎзМТДПнинг нашри «Миллий тикланиш» газ. идир.