ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ

ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИЎзбекистон мусулмонларига раҳбарлик қилувчи диний ташкилот. 1943 йил 20 октябрда Тошкентда бўлиб ўтган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари қурултойида таъсис этилган. Тошкентдаги Бароқхон мадрасасида жойлашган. Бу ташкилот 1992 йилдан Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси, деб юритилган, 1996 йилдан ҳоз. номи билан аталади. У давлатдан ажралган мустақил ташкилот сифатида фаолият юритади. Идора Ўзбекистондаги мусулмонлар ўртасида диний ишларни бошқариб туради, фатволар беради, масжидларга имом-хатиблар тайинлайди, диний ходимлар тайёрлайди. Моддий жиҳатдан мусулмонлардан масжидларга тушадиган хайр-эҳсон, ёрдамчи хўжаликлар ва бошқалар ҳисобига таъминланади. Идора раҳбар органи — Олий ҳайъат. Унинг раиси муфтий ҳисобланади. Идоранинг ҳуқуқшунослик, халқаро алоқалар, таълим ва кадрлар тайёрлаш, масжидлар ва фатво бўлимлари бор. Тошкентдаги Имом Бухорий номидаги ислом ин-тида (1971) ва ўнта ўрта махсус ислом билим юрти (шулардан 2 таси хотин-қизлар билим юрти)да кадрлар етиштирилади. Идора муассислигида «Ҳидоят» жур. ва «Ислом нури» газ. нашр этилади. Идора тасарруфидаги «Мовароуннаҳр» нашриёти диний адабиётлар, диний тақвим ва бошқаларни чоп этади. Мусулмонлар идораси хорижий мамлакатлардаги кўпгина диний ташкилотлар билан алоқа қилади. Ҳар йили 3,5—4 минг кишининг ҳаж сафарини уюштиришда фаол иштирок этади. Идора ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга риоя қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Дин соҳасидаги маънавий-маърифий, таълим ишларини ва фаолиятини янада такомиллаштиришда ижтимоий кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида»ги 2003 йил 22 авг. даги 364-сон қарорига асосан идора қошида махсус жамғарма ташкил этилди. У ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини асраш, халқимиз, айниқса, ёшларимизни диний ақидапарастлик ва экстремизм хатаридан ҳимоя қилиш, мамлакатимизда ижтимоиймаънавий муҳитни янада соғломлаштириш ҳамда дин соҳасидаги маънавиймаърифий ва таълим ишларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Идорага турли йилларда Эшон Бобохон Абдумажидхон ўғли (1943 — 1957), Зиёвуддинхон Бобохонов (1957—1982), Шамсуддинхон Бобохонов (1982—1989), Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф (1989— 1993), Мухторжон Абдуллаев (1993— 1997) раислик қилган. Абдурашид қори Баҳромов 1997 йилдан раисдир.