«ЎЗБЕКИСТОН ОВОЗИ» — ижтимоий-сиёсий газета. Муассиси Ўзбекистон Халқ демократик партияси. Ҳафтада 3 марта, рус тилидаги нашри — «Голос Узбекистана» эса 1 марта чиқади. Дастлабки сони 1918 йил 21 июнда — «Иштирокиюн» («Коммунист») номи билан чиққан. Кейинчалик «Қизил байроқ» (1920), «Туркистон» (1922), «Қизил Ўзбекистон» (1924), «Совет Ўзбекистони» (1964) номларида нашр этилган. 1991 йилдан ҳоз. номда. Газ. га турли йилларда У. Эшонхўжаев, Қамчинбек, К. Алиев, Қ. Сорокин, М. Шермуҳаммедов, М. Ромиз, М. Ҳасанов, В. Раҳимий, А. Худойбахтов, М. Усмонов, Р. Мажидий, А. Ўразаев, Р. Абдураҳмонов, С. Азимов, 0. Абдураҳмонов, С. Ражабов, Ҳ. Ғуломов, Ш. Рашидов, М. Қориев, Л. Қаюмов, Ў. Усмонов, Р. Раҳмонов, Ш. Убайдуллаев, А. Суюн ва бошқалар муҳаррирлик қилган.
Ўзбек адабиёти ва журналистикасининг улкан намояндалари — Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий (Жулқунбой), Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Собир Абдулла, Зулфия ва бошқалар ўзларининг илк ижодларини шу газ. саҳифасида эълон қилганлар.
Ҳаётнинг барча соҳаларида бошланган ислоҳотлар моҳиятини очиб бериш, истиқлол сиёсатини халқ қалбига олиб кириш, янгича онг, янгича тафаккурни шакллантириш, мустақиллик мафкурасини яратиш — газ. нинг асосий вазифасидир. Сиёсат, маънавият ва маърифат, парламент ва ҳуқуқ, ижтимоий ҳаёт ва иқтисодиёт, экология ва сиҳатсаломатлик, спорт ва ҳарбий ватанпарварлик, хатлар ва оммавий ишлар ҳамда тижорат бўлимлари бор. Мамлакатнинг барча вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ўз мухбирларига эга. Адади 10000 (2005). Бош муҳаррири Сафар Остонов (2002 йилдан).