ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АМАЛИЙ САНЪАТИ МУЗЕЙИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АМАЛИЙ САНЪАТИ МУЗЕЙИ — маданий-маърифий, илмий муассаса; 1937 йилда Тошкент шаҳрида очилган муваққат ҳунармандлик кўргазмаси заминида амалий санъат (ҳунармандчилик) музейи ташкил қилинган. 1960—97 йилларда Ўзбекистон Маҳаллий саноат вазирлиги таркибида бўлиб, «Ўзбекистон амалий санъат асарлари доимий кўргазмаси» деб аталган, 1997 йилдан ҳоз. номида ҳамда ЎзР Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ихтиёрида. Музейда экскурсиялар, кўргазмалар, хазина, илмий методика бўлимлари, кутубхона (интернет тармоғига уланган) бор. Музей хазинасида 19-асрнинг 1-ярмидан то ҳоз. кунгача бўлган даврда ўзбекистонлик усталар томонидан яратилган амалий санъат дурдоналари ииғилган. Уларни бадиий жиҳатдан 3 гуруҳга ажратиш мумкин: қадимий анъаналарда яратилган, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигини акс эттирган санъат асарлари; 20-аср 2-ярмидан халқ усталари анъанавий услубни йўқотмаган ҳолда ўз ижоди билан ривожлантириб яратилган санъат асарлари; бугунги кун амалий санъат тараққиётидан келиб чиқиб замонавий санъат талаблари даражасида яратилган етук санъат асарлари. Улар 20 номдаги (кулоллик, чиннисозлик, шишасозлик, каштадўзлик, дўппи, матога гул босиш — читгарлик, бадиий мато, миллий кийим, гиламчилик, ёғоч ўймакорлиги, наққошлик, локли миниатюра, заргарлик, кандакорлик, пичоқчилик ва бошқалар) тўпламда сақланади ва музей экспозицияси ҳам шу номлар бўйича намойиш этилади. Музей илмий муассаса сифатида амалий санъат бўйича кенг кўламда илмий текшириш ишлари олиб боради, буюмларни сотиб олади, илмий ёритади, экспозицияларида намойиш этади, буклет, каталоглар нашр этади, кўргазмалар, экскурсиялар, илмий анжуманлар уюштиради.

Музей 1938 йилдан 19-аср охирида бунёд этилган чор Россиясининг дипломати А. А. Половцевнинг собиқ саройида жойлашган. Бинонинг ўзи ҳам халқ меъморлиги ва безак санъатининг нодир намунасидир. Уни қуриш ва безашда Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Хива ва бошқалар шаҳарлардан келган усталар қатнашган, бино ганч ва ёғоч ўймакорлиги, наққошлик билан жозибадор безатилган. Марказий хона (собиқ меҳмонхона) шифти кундал услубида безатилган бўлиб, уста О. Қосимжонов наққошларга бошчилик қилган, кошинларини риштонлик кулол уста Абдулла ишлаган. Хонадаги 2 камин безаклари шифт ва девор нақшлари билан уйғун, 2 токча ва меҳроб безагини яратишда тошкентлик уста Т. Арслонқулов қатнашган. Хонанинг юқоридаги эшигидан бошқа хона (собиқ истироҳатхона)га ўтилади, бу хона ҳам нафис безатилган. Бинонинг бошқа хоналарида безак кам; 1961 йилда Т. Тўхтахўжаев бошчилигида таъмирланган. 1970 йилда музейга қўшимча 2 қаватли бино қурилган. Меъмор У. Абдуллаев, М. Илҳомов лойиҳалари асосида ва улар раҳбарлигида музей биноси реконструкция қилинган; 80—90-й. ларда рассом Ч. Ахмаров марказий хона деворларини амалий санъат мавзуидаги миниатюра асарлари билан безаган.

Музей ҳақида «Ўзбектелефильм»да «Амалий санъат музейи» (2003), «Амалий санъат музейи экспозициялари бўйлаб саёҳат» (2004) фильмлари ишланган.

Ад.: Ўзбекистон халқ амалий санъати, 2 жилдли, Т., 2004.

Турғун Дўсшаев.