ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРАТУРАСИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРАТУРАСИпрокуратура органларининг ягона марказлаштирилган тизими. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раҳбарлик қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари тўғрисида» 1992 йил 8 янв. фармони асосида иттифоқ қарамоғидаги Ўзбекистон ССР прокуратураси Ўзбекистон Республикаси прокуратурасига айлантирилиши тартибида ташкил этилган.

Ўзбекистон прокуратура органларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиш тартиби, шунингдек, ваколатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида (118—120-моддалар), «Прокуратура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни (1992 йил 9 дек.) да белгилаб берилган. «Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири (2001 йил 29 авг.) асосида Ўзбекистон Республикаси прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига айлантирилган.

Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг тизимини Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокуратуралари, туманлар ва шаҳарлар прокуратуралари, вилоят прокуратураларига тенглаштирилган Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси, туман прокуратураларига тенглаштирилган ҳарбий округлар, ҳудудий ҳарбий, транспорт ва ихтисослаштирилган прокуратуралар ташкил этади. Бош прокуратура ҳузурида Солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмалари фаолият кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органларининг асосий вазифалари қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинлиютарини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида ҳисобдордир. Бош прокурор, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига кўра, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори (раис), унинг 1-ўринбосари, ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, прокуратура органларининг бошқа ходимларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади. Ҳайъатнинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарларини Ўзбекистон Республикаси Президенти тайинлайди ва уларни лавозимидан озод қилади, кейинчалик бу масалаларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади. Қуйи прокурорларни лавозимига Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори тайинлайди ва бўшатади. Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 9 дек. қарори билан тасдиқланган Низомга қўра, прокуратура ходимларига махсус унвонлар таъсис этилган. Ҳақиқий ҳамда 1, 2 ва 3даражали Давлат адлия маслаҳатчиси унвонлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади. Турли даражадаги адлия маслаҳатчиси ва юрист унвонларини ходимнинг ишчанлик ва шахсий фазилатларини ҳисобга олиб, эгаллаб турган лавозимига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори беради.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг «Қонун ҳимоясида» жур. (1996 йил апр. дан) ва «Ҳуқуқ» газ. (1997 йил 27 авг. дан) нашр этилади.

Loading...