Knowledge Base
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛИГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛИГИшахс билан Ўзбекистон Республикасининг доимий сиёсийҳуқуқий алоқасини белгиловчи ҳолат; бу алоқа уларнинг ўзаро ҳуқуқлари ва бурчларида ифодаланади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлган шахслар Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади. Ўзбекистон фуқаролари бир вақтнинг ўзида бошқа мамлакатларнинг фуқаролари бўлиши мумкин эмас. Фуқароликка. эга бўлиш ва уни йўқотиш асослари ҳамда тартиби Ў«збекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун (1992 йил 2 июл)да белгилаб берилган. Ушбу қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган, шунингдек, давлат йўлланмаси билан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишлаётган, ҳарбий хизматни ўтаётган ёки ўқиётган шахслар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўладилар. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикаси Фуқаролигига қабул қилиниши мумкин. Қонунда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролигига қабул қилиш шартлари, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролигининг тўхталиши ва йўқотилиши ҳоллари кўрсатиб ўтилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролиги тўғрисидаги ишларни Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг дипломатия ваколатхоналари ва консуллик муассасалари юритади. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилади.