ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЛМИЙ-ОММАБОП ВА ҲУЖЖАТЛИ ФИЛЬМЛАР КИНОСТУДИЯСИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЛМИЙ-ОММАБОП ВА ҲУЖЖАТЛИ ФИЛЬМЛАР КИНОСТУДИЯСИ — қисқа ва тўламетражли, ҳужжатли, хроникал, илмийоммабоп фильмлар ишлаб чиқарувчи киностудия. 1934 йил республика кинохроника студияси сифатида ташкил бўлган. 30-й. лардан 1960 йилгача турли киногўплам, киножурналлар, жумладан, ойлик киножурнал ва махсус тематик фильмлар ишланган. Махсус фильмлар бирор муҳим воқеа ва саналарга бағишланган. Д. Яшин, В. Усова, Д. Демуцкий, Ш. Зоҳидов, М. Қаюмов, О. Турсунов, А. Саидов, О. Раҳимов, М. Краснянский, А. Иброҳим, А. Умаров ва бошқалар энг фаол ижодкорлар бўлган. «Колхоз тўйи», «Гулсара», «Ўзбек адабиёти ва санъатининг Москвада ўтган декадаси» каби фильмлар республика ҳужжатли киносининг дастлабки фильмконцерт жанри намунапаридир.

Уруш йиллари республика кинохроникаси ва ҳужжатли кино намуналари ғоявий мавзу йўналишига кўра ҳарбий ватанпарварлик, сафарбарлик ва фронтга ёрдам масалалари билан боғлиқ бўлиб, давр ҳужжати сифатида қимматлидир, ижтимоий, сиёсий, маданий ҳаётни, кино санъати тарихини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. 1949 йил республика кинохроника студияси тугатилди. «Ўзбекфильм» қошида кинохроника сектори тузилиб, у ҳужжатли ва хроникал фильмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланди. 1961 йил Ўзбекистон илмийоммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудияси номи билан мустақил киностудия сифатида ажралиб чиқди. 1996 йилдан ҳоз. номда. 1968 йил Қорақалпоғистонда Нукус филиали ташкил топди. Киностудия Бутуниттифоқ Кинематография институти (ВГИК) ни тугатиб келган кадрлар билан мустаҳкамланди. Т. Нодиров, Н. Отауллаева, Л. Файзиев, Д. Салимов, А. Бобожонов, Б. Музаффаров ва бошқалар шулар жумласидан. «Ўзбекистонимизга келинг», «Уззу кун шамол» (Лейпциг халқаро кинофестивалининг «Кумуш кабутар» совринини олган), «Паранжи» (шу фестивалнинг «Олтин кабутар» соврини), «Бобо» (Краков халқаро кинофестивалининг «Кумуш аждар» соврини), «Ўн уч қаддирғоч», «Мирзачўл», «Аскар фронтдан қайтди», «Фронтчи қиз», «Бўри» (Португалиянинг Сантарема халқаро кинофестивалининг «Кумуш барг» соврини), «Интурист кеча, бугун, эртага» каби фильмлари билан жаҳонга юз тутди.

90-й. ларнинг дастлабки йилларида фильм ишлаб чиқариш бирмунча камайди. Аммо 1996 йил «Ўзбеккино» давлат акционерлик компанияси ташкил этилгач, киностудия шу ташкилот тизимида яна фаол ишлай бошлади. Киностудияда бир йилда 40 дан ортиқ турли жанр ва мавзуда фильмлар яратилади. Бундан ташқари, халқ таълими вазирлиги ва турли ташкилотларнинг буюртмаларига биноан ҳам фильмлар ишлаб чиқарилади. Мустақиллик ўзбек ҳужжатли киночилари учун авваллари норасмий тарзда тақиқланган бир қанча мавзуларни ёритиш имконини берди. Айни шу йилларда «Истиқлол фидойилари» рукни ташкил қилинди ва «Беҳбудий», «Фитрат», «Мунавварқори Абдурашидхонов», «Саид Аҳрорий», «Истиқлолнинг буюк йўли», «Абдулла Қодирийнинг юрган йўллари» (ҳаммасининг реж. и Ғ. Шодмонов), «Чўлпон» (реж. и Ш. Маҳмудов) каби ҳужжатли фильмлар яратилди. Айниқса, киностудия ижодкорлари томонидан яратилган «Руҳ» (реж. Б. Музаффаров), «Қоракўл», «Қоғоз уйча», «Улар Германияда ўқиган эдилар» (Ш. Маҳмудов), «Ташналик» (Т. Юнус) ва бошқалар фильмлар турли фестиваллар совринига сазовор бўлди. Миллий қадриятларимизни халқ оммасига янада кенг таништириш мақсадида «Аҳмад Яссавий» (реж. Ж. Қосимов), Аҳмад Фарғонийга бағишланган «Иккинчи умр» (Ж. Исҳоқов), «АлБухорий» (Ф. Файзиев), Марғинонийга бағишланган «Фикҳ оламининг султони» (Х. Валиев) каби фильмлар ишланди.

Студияда Ғ. Шодмонов, Х. Валиев, У Ортиқов, Ж. Исҳоқов, А. Тўлаганов каби тажрибали киноҳужжатчилар қатори А. Дадашев, М. Каримов, Р. Ҳуснутдинов, М. Абдуллаев каби ёшлар фаолият кўрсатмоқдалар. Шунингдек, Ш. Аббосов, Р. Ботиров, С. Назармуҳамедов, А. Акбархўжаевлар ҳар йили ҳужжатли киновидеофильмлар яратмоқдалар.

Тоир Юнусов, Зуҳра Пўлатова.

Loading...