ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ КИТОБ ПАЛАТАСИ — Ўзбекистондаги библиография ва матбаа статистикаси сохасидаги марказ. 1926 йил 3 янв. да Самарқандда ташкил этилган. 1934 йилдан Тошкентда. Ў. Р. м. к. п. (МКП) матбуот статистикаси материалларини тайёрлайди, республикада нашриётчиликнинг ривожланишини баҳолайди, уни режалаштиришга ёрдам беради. Республикадаги барча нашриёт ва нашриёт ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар маҳсулотини қабул қилади, уларнинг статистикаси билан шуғулланади, барча китоблар, шунингдек, жур. лар, тўплам ва газ. лардаги асосий материаллар библиографиясини тайёрлайди, матбаа нашрларининг халқаро стандарт белгиларини жорий этиш ва миллий матбаа архивини ташкил этиш билан шуғулланади.
МКП таркибида назорат нусхасини қабул қилиш ва матбуот статистикаси, кундалик библиография, библиографик маълумотномалар, каталоглар, матбаа архиви каби тармоқлар мавжуд. 1927 йилдан республикадаги матбуот нашрларининг мажбурий нусхасини олиб, улар асосида илмий библиография, матбуот статистикасини амалга оширади. МКП 1969 йилдан ўзбек тилида, 1971 йилдан рус тилида алифбо ва систематик каталоглар ёрдамида турли библиографик маълумотномалар тайёрлайди. 1928 йилдан «Ўзбекистон матбуоти солномаси» ва унинг таркибида 3 ойда 1 марта «Танқидий мақолалар солномаси», «Тасвирий санъат асарлари солномаси», «Вақтли нашрлар солномаси» ва бошқалар нашр этилади.
МКП 1976 йилдан Ўзбекистонда (1920 йиллардан) чоп этилган китоблар библиографиясини тайёрлаб, китоб ҳолида нашр қилишга киришиб, 30 жилдли китоблар солномасини тайёрлади. Шу билан бирга, турли соҳаларга оид ўнлаб махсус нашрлар ҳам ўқувчиларга тақдим этилди. Жур. материаллари, газ. мақолалари солномалари ҳам оймаой нашр этиб борилади. Миллий матбаа библиографияси электрон шаклда ҳам тайёрланмоқда.
МКПнинг архив фондида қарийб 80 йил давомида Ўзбекистонда чоп этилган 3 млн. 230 минг сақлов бирлигидан иборат босма нашрлар мужассам. МКП библиография назарияси ва методикаси бўйича илмийметодик ишлар олиб боради. Ҳар йили архив фондига Ўзбекистондаги нашриётлар чоп этаётган мингдан ортиқ китоб, шунингдек, 110 номдаги жур. ва бюллетенларнинг, 510 дан ортиқ номдаги газ. нинг ҳар бир сони қўшиб борилади. МКП 2002 йилга қадар Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитаси ҳузурида иш юритган, кейин эса Ўзбекистон миллий кутубхонаси таркибига ўтказилган.
Зуҳриддин Исомиддинов.