ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИЎзбекистон парламенти, олий давлат вакиллик, қонун чиқарувчи органи. Дастлаб бир палатали парламент сифатида ташкил этилган ва фуқароларнинг умумий, тенг, тўғридантўғри сайлов ҳуқуқи асосида шакллантирилган. 1 чақириқ Олий Мажлис қўп партиялилик асосда 3 турда — 1994 йил 25 дек., 1995 йил 8 ва 22 янв. да бўлиб ўтган сайловларда сайланган ва 1995—99 йилларда фаолият кўрсатган. 2чақириқ Олий Мажлисга сайловлар 1999 йил 5 ва 19 дек. да бўлиб ўтган ва у 2000 — 2004 йларда фаолият кўрсатган. Бир палатали парламент 250 депутатдан иборат бўлиб, у ишлаган даврда 10 та кодекс, иккита миллий дастур, 240 та қонун, 468 та қарор қабул қилинган, қонун ҳужжатларига 1573 та қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган. Бу йилларда парламент, ўз конституциявий ваколатларига асосланиб, демократик жамиятнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш, бозор иқтисодиёти принципларини ривожлантириш бўйича муайян ишларни амалга оширди. Қонунчилик, давлат бошқаруви, ўтиш даври муаммоларини ечишда муайян тажрибага эга бўлди. 2002 й: 27 янв. да ўтказилган референдумда икки палатали парламентни тузиш масаласи Ўзбекистон халқи томонидан қўллабқувватланди. 2004 йил 26 дек. ва 2005 йил 9 янв. да Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига, 2005 йил 17—20 янв. да Олий Мажлис Сенатига сайловлар бўлиб ўтди ва Олий Мажлис 2 палатадан — Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенат (юқори палата)дан иборат қилиб шакллантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси фаолиятининг ҳуқуқий асосини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг асосий принциплари тўғрисида» (2002 йил 4 апр.), «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида» (2002 йил 12 дек.), «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида» (2002 йил 12 дек.)ги Конституциявий қонунлар, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида» (2003 йил 29 авг.), «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида» (2003 йил 29 авг.) каби қонунлар ташкил этади.

Ўзбекистон Республикасининг Қонунчилик палатаси ҳудудий, бир мандатли сайлов округлари бўйича кўп партиялилик асосида сайланадиган 120 депутатдан иборат. Қонунчилик палатаси депутатлари умумий, тенг ва тўғридантўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, Сенат аъзолари (сенаторлар)дан таркиб топади. Сенат аъзолари Қоракалпоғисгон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқцорда — 6 кишидан сайланади. Сенатга сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазқур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Сенатнинг 16 нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат қўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

Ҳар иккала палатанинг ваколат муддати — 5 йил. Қонунчилик палатасига сайланиш ҳуқуқига 25 ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар эгадирлар. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоят, туман, шаҳар давлат ҳокимияти вакиллик органининг 25 ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган депутати Сенат аъзолигига сайланиш учун номзод бўлиши мумкин.

Ўзбекистон парламенти кенг, кўп қиррали ваколатларга эга. У ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципига асосланиб, давлатнинг бошқа идоралари билан ҳамкорлик қилиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Қонунчилик, давлат бошқарувининг муҳим масалаларини кўриб чиқишда ва ҳал этишда иштирок этади, давлат бюджетини тасдиқлайди, парламент назоратини амалга оширади ҳамда қатор давлат органларини шакллантиришда қатнашади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ўз ваколатларига киритилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади. Қонунчилик палатаси таркибида қуйидаги депутатлар фракциялари: Ўзбекистон Либералдемократик партияси депутатлар фракцияси, Ўзбекистон Фидокорлар миллий демократик партияси депутатлар фракцияси, Ўзбекистон «Адолат» социалдемократик партияси депутатлар фракцияси (бу уччала фракция «Демократик блок»ка бирлашган), Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлар фракцияси, Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси депутатлар фракцияси фаолият олиб бораяпти. Қонунчилик палатаси депутатлари профессионал, доимий асосда ишлайди. Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторларнинг сони сенаторлар умумий сонининг 1/4 игача бўлган миқдорда белгиланган.

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси Спикер ва унинг ўринбосарларини, Олий Мажлиснинг Сенати эса Сенат раиси ва унинг ўринбосарларини сайлайди.

Парламентнинг Қонунчилик палатаси мажлислари сессиялар даврида ўтказилади. Сессиялар, қоида тариқасида, сентябрнинг 1иш кунидан бошлаб келгуси йилнинг июнь ойи охирги иш қунига қадар ўтказилади. Сенат мажлислари заруратга қараб, лекин йилига камида 3 марта ўтказилади. Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлисларида, шунингдек, уларнинг органлари мажлисларида Узбекистон Республикаси Президенти, Бош Вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, республика Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди раислари, Бош прокурори, Марказий банк бошқарувининг раиси иштирок этишлари мумкин. Қонунчилик палатаси ва унинг органлари мажлисларида Сенат раиси, Сенат ва унинг органлари мажлисларида Қонунчилик палатаси Спикери иштирок этиши мумкин. Қонунчилик палатаси ва Сенат алоҳидаалоҳида мажлис ўтказадилар. Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилганда, мамлакат ижтимоийиқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалари юзасидан нутқ сўзлаганда, чет давлатларнинг раҳбарлари нутқ сўзлаганда ўтказилади. Палаталарнинг келишувига биноан қўшма мажлислар бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин.

Парламентнинг Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятини самарали ташкил этиш, қўмиталар ишини мувофиқлаштириб бориш, кун тартиби бўйича таклифлар тайёрлаш, қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқишни ташкил этиш мақсадида уларнинг таркибида Кенгашлар тузилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ўз ваколатлари муддатига тегишинча депутатлар ва сенаторлар орасидан қўмиталарни сайлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари (2005) Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси; Қонунчилик ва судҳуқуқ масалалари қўмитаси; Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси; Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси; Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси; Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси; Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси; Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси; Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси; Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари (2005) Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси; Қонунчилик ва судҳуқуқ масалалари қўмитаси; Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси; Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси; Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси; Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси.

Қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектлар томонидан дастлаб Қонунчилик палатасига киритилади. Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун Сенатга юборилади. Сенат эса қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Агар қонун лойиҳаси Сенат томонидан рад этилса, у Қонунчилик палатасига қайтарилади. Парламентнинг юқори ва қуйи палаталари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида келишув комиссияси тузиши мумкин. Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган қонун 10 кун ичида Президентга имзолаш учун юборилади. Президентнинг қонунни имзолаш муддати 30 кун этиб белгиланган. Республика Президенти қайтадан муҳокама қилиш ва овоз беришни ўтказиш учун қонунни ўз эътирозлари билан парламентга қайтаришга ҳақли. Агар қонун аввалги қабул қилинган таҳририда Олий Мажлиснинг иккала палатасида ҳам учдан икки қисмдан иборат кўпчилик овоз билан маъқулланса, қонун Президент томонидан 14 кун ичида имзоланиши керак. Қонун белгиланган тартибда эълон қилиниши лозим.

Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенатда доимий асосда ишловчи Сенат аъзолари ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас. Қонунчилик палатаси депутати ва Сенат аъзолари дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланадилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг нашрлари: «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси», «Халқ сўзи» — «Народное слово» газеталари.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси парламентлараро ҳамкорликни кенг йўлга қўйган. МДҲ давлатлари ва бошқа ривожланган хорижий мамлакатлар парламентлари билан шартномалар тузилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида Европа Иттифоқи Комиссиясининг «Ўзбекистонда демократиялаштириш жараёнининг ривожланишига кўмаклашиш» ва «Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада кучайтириш» лойиҳалари муваффақиятли бажарилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Тошкент шаҳрининг Халклар дўстлиги проспектидаги бинода, Сенат эса Мустақиллик майдонидаги бинода иш олиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси биноси мужассамоти ечимида меъмор маъмурий жамоат биноларига хос мумтоз услубдан фойдаланган. Бино тарҳи мурабба шаклида (86×86 м), устунлар қатори билан қамраб олинган, устунлар бошасига барглар гулдастаси ишланган. Бино тарзлари тилла ранг яхлит ойналар билан қопланган, ойнаванд девор тепадан пастга тушгунча 3 марта ичкарига киритилиб ўзига хос кўриниш касб этган. Бино феруза ранг гумбаз (бал. 11,5 м, диаметри 34,5 м) билан ёпилган, гумбаз устига анъанавий тожсимон ойнаванд туйнук ишланган. Бино атрофидаги оқ устунлар феруза гумбаз ҳамда тилла ранг ойналар билан уйғунликда бинога кўркамлик, салобат бахш этган. Бинонинг 500 ўринли мажлислар зали айлана шаклидаги амфитеатр услубида ҳал этилган (Президиум ва нотиқлар минбари ҳам бўлинмаларнинг бирига жойлаштирилган), залнинг галереяли 2ярусидан меҳмонлар ва оммавий ахборот вакилларига жой ажратилган. 1,2 ва 3қаватларда иш хоналари, парламент гуруҳларининг мажлислари учун кичик заллар жойлашган. Бино ички безакларида ёғоч ўймакорлиги (С. Раҳматуллаев, Ҳ. Одилов, Ҳ. Ғаниев, М. Иброҳимова), ганчкорлик (М. Султонов, Мирвоҳид Усмонов, А. Пўлатов, М. Қосимов ва бошқалар), наққошлик (X. Нуралиев, 3. Болтабоев ва бошқалар)дан маҳорат билан фойдаланилган (айниқса, гумбаз ости нақшлари жозибадор), миниатюра расмлар билан зийнатланган (Ғ. Камолов, X. Назаров, Ф. Раҳматуллаев).

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биноси — 2005 й; собиқ Ҳукумат уйи биноси ўрнида Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримов ташаббуси билан бунёд этилди. Бино 3 қисмдан ташкил топган: марказий кириш қисми ва унинг икки ёнидаги ўнг ва чап қанотлардан иборат, 4 қаватли қилиб қурилган, шунингдек ер ости қаватига ҳам эга. Марказий қисми ҳашаматли 4 та устунда жойлашган 3 та ички гумбазли пештоқдан ташкил топган, пештоқ орқали кенг ва ёруғ миёнсарой (вестибюль)га кирилади, миёнсарой айлана шаклидаги салобатли мажлислар зали билан боғланган. Миёнсаройнинг тепасидаги қаватда кичик мажлислар заллари жойлашган. Бинонинг чап қанотида сенаторлар иш хоналари, қабулхоналар, Конституцион суд ишчи хоналари ҳамда Ҳисоб палатаси ишхоналари ва заллари жоилашган. Бинонинг ўнг қанотини сенаторларнинг ишхоналари, сақланиб қолган ва таъмирланган «Баҳор» концерт зали учун машқ заллари ва бошқалар қўшимча хоналар эгаллаган. Бинонинг ички ва ташқи пардозларида маҳаллий ва замонавий ашёлардан тайёрланган миллий меъморий безаклар ишлатилган. Ички безакларда ганчкорлик (М. Усмонов, А. Пўлатов, Х. Азизов ва бошқалар), наққошлик (А. Каримов ва бошқалар), тоштарошлик (ҳайкалтарош Р. Бузруков ва бошқалар) маҳорат билан қўлланилган; намоёнлар (В. И. Бурмакин, Р. Худойберганов ва бошқалар), гобелен (А. Икромжонов эскизи) ва бошқалар билан зийнатланган. Бино Мустақиллик майдонидаги иншоотлар ва кўкаламзорлар, фавворалар билан ажойиб уйғунликда, Анҳор бўйига туташган томонидаги ҳудудда сўлим маскан ҳосил қилинган.