ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЎҚУВЧИЛАР САРОЙИ, Республика ўқувчилар саройи — Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги мактабдан ташқари таълим муассасаси. 1935 йил июнда Ўзбекистон МИК қарорига биноан Тошкент шаҳрида Пионерлар саройи номи билан ташкил этилган. 1961 йилдан Республика пионер ва ўқувчилар саройи деб номланган. 1992 йил янв. дан ҳоз. номда. Асосий вазифаси ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг мактабда олган билимларини чуқурлаштириш, касб-ҳунар малакаларини эгаллашларида кўмаклашиш, дунёвий ва замонавий билимлардан воқиф қилиш, ижодий ҳамда ташкилотчилик қобилиятларини шакллантириш ва ўстириш, кашфиётчилик ва ихтирочилик ишларига жалб этишдан иборат. 1935 йил дек. да 2 йиллик гимнастлар мактаби, 1936 йил янв. да Тамарахоним раҳбарлигида шарқ рақслари мактаби ва шу йили болалар мусиқа мактаби очилган. 1950-й. лардан саройда амалий санъат тўгараклари, жумладан, Маҳмуд Усмонов раҳбарлигида ганчкорлик тўгараги иш бошлаган.
2005 йил саройда 5 бўлим, мусиқа мактаби, 210 тўгарак, клуб, доирачилар дастаси, рақс дасталари, болалар ҳаваскорлик халқ дастаси, вокал чолғу ва ўзбек халқ чолғу асбоблари дасталари ишлади; уларда 3742 ўгил қиз иштирок этди. Сарой Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридаги ўқувчилар саройи ва ижодиёт марказларига методик хизмат кўрсатади. Сарой халқаро, республика миқёсидаги оммавий тадбирлар, жумладан, қарийб 10 йилдан бери ўтказилиб келинаётган «Ёш раққосалар», «Мақомчилар», «Болалар вокал дасталари» республика танловлари ташаббускори. Шунингдек, ЮНИСЕФ Халқаро болалар ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЎзРдаги миллий маданий марказлар билан ҳамкорликда «Замонавий дунё — болалар нигоҳида» расмлар танлови, «Дўст билан обод уйинг», «Болалар овози» мавзуларида дўстлик фестивалларини ўтказади. Сарой тўгараклари истеъдодли аъзоларининг халқ усталари, рассомлари, ҳунармандлари устахоналарида, ихтирочи олимлар лаб. ларида амалий ва ўқув машғулотларини ўтказишлари учун кенг имкониятлар яратилган. Саройда «Устозшогирд» анъаналари мавжуд. К,. Дадаев, Ғ. Ёқубов, Фаррух Зокиров, Қ. Мўминов, Ц. Жабборова, Кь. Дўстмуҳамедова, М. Аҳмедова, Т. Жамилова, Дилмурод, Холмурод ва Элмурод Исломовлар, Зиёда ва Насиба Мадраҳимова каби санъаткорлар сарой тўгарак ва дасталарида илк касб малакаларини эгаллаганлар.
Элмурод Исломов.