ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ МАРКАЗИЙ МУЗЕЙИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ МАРКАЗИЙ МУЗЕЙИЎзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли муассасалардан бири. 1965 йилда Марказий офицерлар уйи қошида Туркистон ҳарбий округи жанговарлик шуҳрати музейи сифатида ташкил этилган. 1975 йил 7 майда ҳоз. биносига кўчган. Умумий майд. 3 минг кв. м дан ортиқ . Экспонатлари 10 мингдан зиёд. Музейнинг асосий иш фаолияти экспозициялар (буюмашёлар, ҳужжатлар, жанговар мукофотлар ва қуроляроғлар) орқали ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ҳарбий ватанпарварлик, она юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган.

Музей биноси «Жасорат» номли боғда жойлашган. Бино олдида қўлида қурол ушлаган аскар ҳайкали қўйилиб, унда «Ватан ҳимоячисига» ёзуви бор. Ҳайкал атрофида 2-жаҳон урушида Қаҳрамон унвонига сазовор бўлган 338 ўзбекистонлик жангчиларнинг, 53 та Шуҳрат ордени нишондорлари ва «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини олган ватандошларимиз номлари мармарга ўйиб ёзилган. Боғ хиёбони бўйлаб 2-жаҳон уруши давридаги ва жанговар замонавий, ҳақиқий техника (МИГ21 самолёти, «Катюша» ЖМ13 машинаси, танклар, пушкалар, гаубицалар) қўйилган. Разведкачилар, десантлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа жангчилари, денгизчилар, учувчилар, артиллериячилар, танкчилар, пиёда аскарлар, чегарачилар, ҳарбий тиббиёт ходимлари, алоқачилар ва сапёрлар бюстлари ўрнатилган. Ҳарбий хизматга чақирилганлар боғда қасамёд қилишади.

Бино 3 қаватдан иборат бўлиб, экспозициялар 3 ҳарбий тарихий даврга бўлиб ёритилган. 1-давр «Темурийлар давридаги ҳарбий санъат (14—15-асрлар)» га бағишланган. Амир Темур ҳарбий саркарда сифатидаги кўп қиррали фаолияти ёритиб берилган. Зал экспозициялари асосини «Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қарши учинчи ҳарбий юриши» батал диорамаси (ўлчами — 12,5×3,5, муаллифлари Алишер Эргашев, Маҳмуд Самиқов ва Мухтор Зоировлар) ташкил этади. Шу билан бир қаторда «Амир Темур от устида» портрети (муаллиф Р. Зиёдиллаев), қуроляроғлар намуналари, байроқлар, «Амир Темур давлати харитаси», ноғоралар ва ҳ. к. ўрин олган. 1қаватда кўргазма ва кино заллари жойлашган.

2-давр фашизмга қарши кураш (1941—45 йиллар) йилларида ўзбек халқининг қаҳрамонлигига багишланган. Ҳар бир кўргазмада у ёки бу жангда қатнашган ўзбекистонлик аскарларни шахсий буюмлари, жанговар мукофотлари, ҳужжатлари ва ҳ. к. қўйилган. Ватандошларимизнинг меҳнат фронтидаги фаолияти кенг ёритилган. Экспонатлар орасидан фашистлар Германиясидан тортиб олинган ўлжалар (фашистлар Германияси ҳарбий мукофотлари, ўт очиш қуроллари), қуроласлаҳалар, ҳарбий машина, танк ва самолётларнинг макетлари жой олган. Зал экспозициялари хронологик характерга эга бўлиб, Брест қалъаси учун бўлган жанглардан тортиб то Берлингача бўлган жангларни ўзида ёритган ҳамда тўлиқ маълумот берилган.

3-давр М«устақил Ўзбекистон ҳимоясида» деб номланади. ЎзР Қуролли Кучлари ташкил топиши тарихи, унинг қонуний асослари, Қуролли Кучларимиз қўшинлари таркиби, ҳарбий ҳудудий бўлинмалар — ҳарбий округлар, улардаги қисм ва қўшилмаларнинг жанговар тайёргарлиги, олий ҳарбий билим юртларида, сержантлар тайёрлаш мактабларида ҳарбий кадрларни тайёрлаш, шу билан бир қаторда миллий армиямизнинг халқаро ҳарбий ҳамкорлиги, тарбиявий, маданий-маърифий, спорт ҳамда ҳарбий оммавий ахборот воситалари фаолияти кенг ёритилган. Музей армия фаолиятини ёритишда республикамиз музейлари орасида ўзига хос илмий марказга айланган. Музей қошида уруш ва Қуролли Кучлар фахрийларининг кенгаши тузилган.

Дилором Раҳимова.

Loading...