ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИЎзбекистон Республикаси ҳукумати; ижро этувчи ҳокимиятнинг марказий органи. Қароргоҳи — Тошкент шаҳрининг Мустақиллик майдонидаги Ҳукумат уйи. Вазирлар Маҳкамасининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20бобида ва «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида» (1993 йил 6 май; янги таҳрирда 2003 йил 29 авг.)ги қонунда белгиланган. Конституцияга қўра, Вазирлар Маҳкамаси иқтисодиётнинг, ижтимоий ва маънавий соҳанинг самарали фаолиятига раҳбарликни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради.

Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатлари доирасида: иқтисодий, ижтимоиймаданий жараёнларни бошқаради; мулкчиликнинг барча шаклларини уйғунлаштириш ва уларнинг тенглиги, иқтисодиётни монополиялаштиришдан чиқариш, бозор иқтисодиётининг ҳуқуқий механизмини ишга солиш асосида эркин тадбиркорлик учун шартшароитлар яратади; хўжалик юритишнинг янги шаклларини барпо этишга ва мустаҳкамлашга кўмаклашади; Ўзбекистон Республикасида пул ва кредит тизимини мустаҳкамлаш чоратадбирларини кўради; ягона нарх сиёсатини ўтказиш, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорининг белгиланган кафолатларини ҳамда ижтимоий таъминот даражасини таъминлаш чоратадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади; ^еспублика бюджетини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг иқгисодий ва ижтимоий ривожлантириш истиқболларини ва энг муҳим дастурларини ишлаб чиқади ва уларнинг ижросини ташкил этади, бошқарув тузилмасини такомиллаштириш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади; фан ва техникани ривожлантириш чоратадбирларини амалга оширади; фуқароларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлаш чоратадбирларини кўради; соғлиқни сақлаш, халқ таълимини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилайди, маданиятни ривожлантиришга кўмаклашади; Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлигини ва мудофаа қудратини ошириш, давлат чегараларини қўриқлаш, жамоат тартибини сақлаш тадбирларини амалга оширишга қўмаклашади; республика ва халқаро аҳамиятга эга бўлган йирик экологик дастурларни амалга ошириш борасидаги ишларни мувофиқлаштиради; йирик авариялар ва фалокатларнинг, шунингдек, табиий офатларнинг оқибатларини тугатиш чоратадбирларини кўради; Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардаги вакиллигини таъминлайди, ҳукуматлараро шартнома ва битимлар тузади, уларни бажариш чоратадбирларини кўради; ташқи иқтисодий фаолият, илмийтехникавий ва маданий ҳамкорлик соҳасида раҳбарликни амалга оширади.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат кўмиталарининг раисларидан иборат.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.

Вазирлар Маҳкамасининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири тақдимига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавоб беради, Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларига раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди.

Вазирлар Маҳкамаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Вазирлар Маҳкамаси ваколатига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишга, унинг мажлисларида раислик қилишга, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларини ҳамда Бош вазир фармойишларини бекор қилишга ҳақли.

Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида жавобгардир. Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис оддида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади.

Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февдаги 62сонли қарори билан тасдикланган Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг иши чораклик режаларига мувофиқ олиб борилади.

Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида давлат бошқаруви, хўжалик ва ижтимоиймаданий қурилишнинг энг муҳим масалалари ҳал этилади. Вазирлар Маҳкамасининг мажлислари йилнинг ҳар чорагида камида 1 марта ўтказилади. Вазирлар Маҳкамасининг доимий органи сифатида Бош вазир ва унинг ўринбосарларидан иборат таркибдаги Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати фаолият кўрсатади. Бош вазирнинг қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати таркибига Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг бошқа аъзолари ҳам киритилиши мумкин. Шошилинч масалаларни муҳокама қилиш зарурати тутилганда Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсатининг навбатдан ташқари мажлислари ўтказилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳар ҳафтада Бош вазир ўринбосари, Ахбороттаҳлилий бошқармаси бошлиғи ва Аппарат раҳбари иштирокида кенгашлар ўтказади, уларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқлари бажарилишини уюштириш масалалари, ҳукумат аппаратининг кундалик фаолияти муҳокама қилинади.

Вазирлар Маҳкамаси амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради.

Давлат ва хўжалик бошқарувининг айрим масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг айрим топшириқларини бажариш учун Вазирлар Маҳкамасининг муваққат комиссиялари ва бошқа ишчи органлари тузилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларини тайёрлаш, тегишли қарорлар лойиҳаларини, таҳлилий, ахборот ва бошқалар материалларни тайёрлаш, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда текшириб бориш учун Вазирлар Маҳкамаси Аппарати фаолият кўрсатади. Қуйидаги Ахбороттаҳлил департаментлари Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг асосий таркибий бўлинмалари ҳисобланади: Иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотлар йиғма ахбороттаҳлил департаменти; Агросаноат ва сув хўжалиги комплекслари масалалари ахбороттаҳлил департаменти; Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахбороттаҳлил департаменти; Ёқилғиэнергетика комплекси, кимё, металлургия ва машинасозлик масалалари ахбороттаҳлил департаменти; Истеъмол товарлари ва савдо комплекси масалалари ахбороттаҳлил департаменти; Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахбороттахдил департаменти; Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари ахбороттаҳлил департаменти ва Ташқи алоқалар масалалари ахбороттаҳлил департаменти. Вазирлар Маҳкамаси аппарати ишини Вазирлар Маҳкамаси аппарати раҳбари мувофиқлаштириб боради. Аппарат раҳбари ўз мақоми бўйича Бош вазир ўринбосарига тенглаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан вазифасига тайинланади ва бўшатилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Халқ сўзи» — «Народное слово» газ. ларининг ҳаммуассиси (ушбу газ. лар айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси газ. лари ҳисобланади), «Правда Востока» газ. нинг муассисидир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси биноси — Тошкент шаҳрининг Мустақиллик майдонида (1968, меъмори Б. Мезенцев ва б. ; муҳандиси В. Кричевский ва бошқалар). 7 қаватли бино темирбетон блоклардан тикланган, 1қавати V шаклидаги устунлардан иборат; тарзидаги вертикал чизиклар феруза ранг девор йўллари билан бинога улуғворлик бахш этган. 1999 йил фев. да содир бўлган қўпорувчилик вақтида шикастланган бино 2000 йилда таъмирланди. Таъмирлашда бинони мустаҳкамлаш, «Ҳукумат уйи» талабига мос янги меъморий ечимини ҳал этишга аҳамият берилди. Бинонинг янги кўриниши кўркам, салобатли ҳамда вазмин: очиқ қолдирилган 1 қавати қизил мармар девор билан беркитилди; асосий кириш эшиги устидаги том чизиғидан чиқиб юқорига кўтарилган ойна деворда республика герби ва байроғи ўрнатилди. Бинонинг тилла ранг ойналари сиртларига ишлатилган гранитлар пойдевор сиртидаги қопламалар билан уйғун. Бинонинг ички қисми ҳам қайта таъмирланди, хоналар пардозланиб улуғвор кўринишга эга бўлди (ганчкорлик ишларида М. Султонов, Мирвоҳид Усмонов ва бошқалар; наққошлик ишларида А. Каримов ва бошқалар усталар иштирок этган). Бинонинг ички ҳовлиси пирамида шаклидаги махсус шаффоф ойнали том билан ёпилиб «қишки боғ» тусини олган. Бино майдондаги бошқа иншоотлар билан уйғунликда мажмуа ҳосил қилади, атрофи кўкаламзорлар, гулзорлар билан сўлим масканга айлантирилган.