ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИ — конституциявий назорат олиб борувчи олий суд органи. Ўз фаолиятини қонун асосида мустақил амалга оширади. Конституциявий суднинг ваколати, унинг тузилиши ва фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108, 109-моддалари ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонун (1995 йил 30 авг.) билан белгиланган. Конституциявий суднинг ваколатига қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўриш киради. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, жумладан, қуйидаги ваколатларга эга: қонунларнинг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларининг, ҳукуматнинг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ва бошқалар мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мослигини аниқлайди; Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради; Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради; Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколат доирасида бошқа ишларни ҳам кўриб чиқади.
Конституциявий суд сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан Конституциявий суд раиси, раис ўринбосари ва судьяларидан, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилидан иборат таркибда 5 йил муддатга сайланади. Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Конституциявий суд доимий ишлайдиган орган, унинг мажлислари заруратга қараб ўтказилади ва қоида тарзида очиқ бўлади. Конституциявий суднинг фаолият кўрсатишини таъминлаш учун унинг девони тузилади. Конституциявий суднинг раиси ва аъзолари депутат бўла олмайдилар, сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг аъзоси бўлишлари ва бошқа ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллашлари мумкин эмас. Конституциявий суд судьялари дахлсизлик ҳукуқидан фойдаланадилар. Конституциявий суднинг қарорлари матбуотда эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга киради. Улар қатъий ва улар устидан шикоят қилиш мумкин эмас. 1998 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Ахборогномаси нашр этилади.