ЎЗБЕКИСТОН РУС АКАДЕМИК ДРАМА ТЕАТРИ — Тошкентдаги кўҳна театрлардан бири. 1934 йил 21 октябр да «Интервенция» (Л. Славин) спектакли билан очилган. Театр асосчилари В. А. Чиркин (бадиий раҳбар), М. К. Вулконский (директор). Е. В. Ростов (реж.), актёрлардан А. С. Загаров, Е. Л. Ленина, А. М. Шестаков, Н. С. Фирсов, Л. М. Петрова, О. И. Андреева, О. И. Герасимова, П. С. Давидов, Г. Н. Загурская, З. А. Радецкая, А. П. Розанцев, Н. Г. А^ячатуров ва бошқалар театрнинг дастлабки ижодкорларидир. 1936—99 йиллар театр М. Горький номи билан юритилган. 1967 йилдан Академик театр. 1999 йилдан ҳоз. номда. Театр ўз номидан келиб чиқиб, М. Горький асарларни саҳналаштиришга эътибор берди («Тубанликда», «Душманлар», «Мешчанлар», «Егор Буличёв ва бошқалар», «Сўнггилар», «Қуёш болалари» ва б).
2-жаҳон уруши йиллари «Батальон ғарбга боради», «Рус кишилари», «Олеко Дундич», «Генерал Брусилов» сингари спектакллар қўйилди. Урушдан кейин театр жамоаси Тошкент санъат интини тугатган ёшлар билан мустаҳкамланди. Ўша даврда М. Мансуров, К. Ефремова, В. Александрова, Е. Злобин, Д. Алексеев, Н. Алексеева, П. Дроздов, В. Русинов, Н. Мягкова театрнинг энг машҳур актёрлари бўлган. Уларга Е. Яворский, М. Любанский, Р. Ткачук, В. Рецептер, И. Ледогоров келиб қўшилган.
50-й. лар театр ижодий фаолиятида кескин бурилиш бўлди, янги режиссура, янги изланишлар, янгича иш услуби натижасида жамоа янги театр шакллари асосида ижод қилди. «Чин инсон қиссаси» (Б. Полевой), «Қандала» (В. Маяковский), «Қашшоқ қалб тарихи» (М. Горький), «Иркутск воқеаси» (А. Арбузов), «Шоҳи сўзана» (А. Қаҳҳор), «Паранжи сирлари», «Майсаранинг иши» (Ҳамза), «Ҳамлет» (У. Шекспир), «Зулмат ҳокимияти» (Л. Толстой) каби спектакллар билан театр ўз мавқеини мустаҳкамлади. Драматургик асар дунёсига чуқур кириш билан ўй ва фантазияларнинг аниқлигига эришиш, фикр долзарблиги ва аҳамиятига алоҳида аҳамият бериш натижаси ўлароқ мумтоз асарлардан «Жиноят ва жазо», «Чайка», «Дон Карлос», «Ревизор», «Юксиз сайёҳ» ҳамда «Ламанчалик киши», «Хатолар комедияси», «Момо ер», «Валентин ва Валентина», «Авлобар бекаси», «Уч пуллик опера» каби спектакллар юзага келди.
Мустақилликдан сўнг кучли актёрлар гуруҳи шаклланди, мактабтеатр студияси талабаларидан унумли фойдаланиш, турли мамлакатлар муаллифларининг асарларини саҳналаштириш йўлга қўйилди: «Графиня Юлия» (А. Стринберг), «Ҳамма боғда» (Э. Олби), «Буюк магия» (Э. Де Филиппо), «Жорж Данден ёки жинни қилинган эр» (Ж. Мольер), «Хизматкорлар» (Ж. Жене), «Ҳар тўкисда бир айб» (А. Островский), «Меҳмонхона бекаси», «Арлекино» (К. Гольдони), «Гоголни ўйнаймиз…» (Н. Макьявелли), «Аёллар тангоси» (В. Асланова) ва бошқалар.
В. Русинов, Н. Мягкова, Н. Сундукова, Э. Дмитриева, О. Овчинникова, Л. Стоцкая, Г. Луковникова, В. Кудашкин, О. Володина, С. Архипов, Д. Абдулина, О. Васильев, И. Кирьянов, А. Кошелев, К. Мошченко, И. Ненашев, А. Ўрмонов, Л. Хўжаева, Т. Ҳошимова ва бошқалар театрнинг етакчи актёрларидир (2005). Театрнинг бадиий раҳбари — В. М. Шапиро.
Владимир Островский.