ЎЗБЕКИСТОН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ МУЗЕЙИ

ЎЗБЕКИСТОН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ МУЗЕЙИтиббиёт тарихи музейи. 1973 йил Тошкентда ташкил этилган. 1984 йилдан Қ. С. Зоиров номидаги Ўзбекистон соғлиқни сақлаш музейи деб юритилади. Тиббиёт ва гигиена билимлари ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида эришилган муваффақиятларни тарғиб этади. Ўзбекистон тиббиёт тарихи билан таништиради. Музей экспозицияси бир неча бўлим: одам анатомияси, физиологияси, гигиенаси, Ўзбекистон тиббиёт тарихи бўлимидан иборат.

Музейда Абу Али ибн Сино яшаб ўтган 10—11-асрлардаги тиббиёт тарихига оид манбалар кўп. Буюк ҳакимга бағишланган мемориал залда табибнинг кошинкор сиймоси, 5 жилдли «Тиб қонунлари» асари, унда тасвирланган жарроҳлик асбоблари, унинг хотирасига Ҳамадонда тикланган мақбара макети сақланади.

Музей фондидаги «шиша одам» меъдаичак йўли, ўпка, юрак, кичик ва катта қон айланиш доирасининг электрлаштирилган макети, муляжлар, расмлар, фотосуратлар инсон организми фаолиятидаги энг муҳим жараёнларни тушуниб олишга ёрдам беради. Шунингдек, таниқли тиббиёт олимларининг илмий асарлари, ички аъзоларнинг рентген суратлари, тиббиётга оид плакатлар ҳамда мустақиллик даврида тиббиет соҳасида эришилган муваффақиятлар билан таништиради.

Музейда кинолекторий мавжуд. Тиббиёт тарихи, илмий тиббиёт, касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, даволаш усуллари, ичиш, чекиш, гиёҳвандликнинг оқибатлари ва оддини олиш, соғлом турмуш гарзи тўғрисида вақтвақти билан суҳбатлар ўтказилади. Алкоголизм, чекиш, наркомания ва СПИД тўғрисида фильмслайд бор.