ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИ ДАВЛАТ МУЗЕЙИ

ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИ ДАВЛАТ МУЗЕЙИЎзбекистон ФА нинг йирик илмий текшириш ва маданий-маърифий муассасаларидан бири. 1876 йилда Тошкент музейи номида ташкил этилган. 1883 йил Туркистон оммавий кутубхонаси билан бирлаштирилди. Этн., археология, нумизматика, ҳарбийтарих бўлимлари бўлган (1903). 1918 йил Туркистон ўлка халқ музейига, 1922 йилдан Туркистон Бош музейига, 1925 йилдан Ўрта Осиё Бош музейига айлантирилди. 1943 йилдан Ўзбекистон халқлари тарихи музейи деб номланган. 1969—92 йиллар Ойбек номидаги Ўзбекистон халқлари тарихи музейи деб аталган. 1992 йил 21 апр. даги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 203сонли қарорига мувофиқ, бир неча музейларни бирлаштириш асосида ҳоз. номи билан қайта ташкил этилди.

Музей Ўзбекистон ва Ўрта Осиё халқларининг моддий ва маънавий обидаларини сақлаш ва ўрганиш бўиича мамлакатда йирик илмий текшириш маркази ҳисобланади. Ҳоз. кунда унинг захирасида 250 мингга яқин тарихий, санъат ва маданият ёдгорликларидан иборат осори атиқалар сақланади. Бунинг 60 мингдан ортиғини археология, 80 мингдан зиёди нумизматика ва 16 мингдан ортиғини этн. ёдгорликлари ташкил этади. Унда маҳаллий ўлкашунослар, ўтмиш билан қизиқувчи ҳаваскорлардан тўпланган ўлка тарихига оид нумизматика, археология, уйрўзғор буюмлари ва фотосуратлардан иборат коллекциялар ҳам мавжуд.

Археология фондида археологик ёдгорликлардан топилган ашёлар, деворий тасвирлар, уйрўзғор буюмлари, меҳнат қуроллари, қадимий ёзувлар тасвирланган ашёлар ва бошқалар буюмлар сақланади.

Нумизматика фондида эса энг қадимий даврлардан то шу кунгача зарб этилган олтин, кумуш, мис тангалар, пуллар, олтин ва кумуш медаллар ва подшо сулолаларининг муҳрлари жамланган.

Музейдаги этн. фонди эса ниҳоятда қимматли буюмлардан иборат бўлиб, халқимизнинг уйанжомлари, кийимкечаклари, заргарлик буюмлари, халқ ҳунармандчилигининг ҳамма соҳасига оид иш қуроллари ва маҳсулотларидан намуналар — ҳар бир этн. ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Шулардан 10 мингдан ортиғи ўзбек халқининг ижтимоий ҳаётига оид бўлса, 6 минги Ўзбекистон ҳудудида яшовчи бошқа миллатларга тааллуқлидир.

Музейнинг янги экспозицияси Ўзбекистонни жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасини, шу билан бирга Ўзбекистон ҳудудидаги тарихиймаданий жараёнларнинг энг қадимий даврлардан бошлаб ҳозирга қадар бўлган тараққиётини ўзида акс эттирган.

ЮнонБақтрия, Кушон, Кўҳна Хоразм, Нахшаб, Бухоро ва Чочда зарб қилинган тангалар алоҳида диққатга сазовор. Бу тангаларда маҳаллий ҳукмдорларнинг қиёфаси, бошқаларида эса қабила белгилари ёки тамғалари зарб қилинган. Музей экспозициясида Ўрта Осиёда ҳукмронлик қилган тоҳирийлар, сомонийлар, қорахонийлар, темурийлар, Бухоро, Хива ва Қўқон хонликларига мансуб тангалар намойиш этилган.

Музей архив ва кутубхонага эга. Музей фаолияти давомида олимлар томонидан илмий асарлар, илмий ва оммабоп китоблар, альбом, буклет ва турли кўрсаткичлар ҳамда мактаб ўқувчилари ва талабалар тарбияси учун илмийметодик қўлланмалар нашр этиб келмоқда. Улар орасида кейинги йилларда нашр этилган «Темурийлар сулоласининг тангалари» (1996); «Каталог металлических и керамических изделий Узбекистана ХШХ1Х вв» (2000); «Ўзбек миллий кийимлари» (2002); «Фарғона водийсидаги миллий озодлик курашлари» (2003); «Тошкентнинг янги шаҳар қисми тарихи» (2004) каби нашрлар бор.

Музейда 4 та фан д-ри ва 4 та фан номзоди ишлайди. 2003 йил апр. да музей қошида илмийметодик кенгаш ташкил қилинган.

Музей 1964 йилдан 1887 йил қурилган собиқ Туркистон давлат палатаси биносида фаолият юргизган. 1992 йил апр. дан собиқ Ленин музейи биносига кўчиб ўтди. Мазкур бино (1970, меъмори Е. Розанов, В. Шестопалов ва бошқалар) Тошкент шаҳрининг марказида Шароф Рашидов шоҳкўчасида жойлашган. Бино мурабба тарҳли, 20 та зал (умумий экспозиция майд. 3,2 минг кв. м), маърузалар (500 кв. м) ҳамда конференция (170 кв. м) заллари, устахоналар, фонд, иш хоналаридан иборат. Анъанавий панжара услубида ишланган қуёш нуридан сақловчи тўсиқлар оддий геометрик шаклдаги бинога жозибадорлик бахш этган; кенг йўлка (пандус) бино олди майдонига олиб бориб, 2қават вестибюли билан боғланади. Бино 1999—2003 йилларда қайта таъмирланди (меъмор Р. Искандаров ва бошқалар), ички тузилиши ўзгартирилди, янги дизайнда замонавий техника билан жиҳозланди. Устахоналар, фонд ҳамда ходимларнинг иш хоналари 1қаватда жойлашган. Бино интерьери миллий анъаналарда (ганчкорлик — М. Усмонов ва бошқалар; ёғоч ўймакорлиги — К,. Ҳайдаров ва бошқалар) зийнатланган, таъмирлаш даврида маҳобатли деворий расмлар (рассом А. Икромжонов, А. Алиқулов) билан безатилган.

Жаннат Исмоилова.