ЎЗБЕКИСТОН ТАСВИРИЙ САНЪАТ ГАЛЕРЕЯСИ — ўзбек халқининг бой бадиий меросини сақлаш, тасвирий санъат асарларини тўплаш ва ютуқларини тарғиб қилишга қаратилган маданий-маърифий муассаса. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки тасарруфида. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 12 октябр «Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки галереясини ташкил қилиш тўғрисида»ги қарорига биноан асос солинган. 2004 йилдан Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов ташаббуси билан Тошкент шаҳрида махсус қурилган бинога жойлаштирилган (бош меъмори В. Н. Бреусенко; бош муҳандиси Г. В. Костина). Тўртбурчак тарҳли бино меъморликнинг энг сўнгги ютуқларини қўллаган ҳолда бунёд этилган, пойдевори, зиналари мармар билан қопланган, ички безакларида ганч ўймакорлигидан фойдаланилган.
Галереяда 15 та кўргазма хонаси (умумий экспозиция майдони 3,5 минг кв. м), зарур техника ускуналари билан жиҳозланган мажлислар зали ҳамда хазина, маъруза ва кино заллари, кутубхона, моҳир уста студияси, устахоналар, бадиий салон, кафетерий бор. Галерея хазинасида 20-аср бошидан ҳоз. кунгача яратилган Ўзбекистон тасвирий санъатининг 1000 дан зиёд ранг-тасвир ва графика асарлари ҳамда нодир нумизматика намуналари сақланади. Ўзбекистон тасвирий санъатининг 20-аср бошларида ижод қилган П. Беньков, Л. Бурэ, А. Волков, Усто Мўмин, М. Курзин, Н. Кашина, кейинроқ Н. Карахан, А. Абдуллаев, Ў. Тансиқбоев, Н. Кўзибоев, Ч. Ахмаров ва бошқаларнинг асарлари билан бир қаторда замонавий тасвирий санъат намояндалари — Ўзбекистон БА академиклари Б. Жалолов, Ж. Умарбеков, А. Мирзаев, С. Раҳметов, С. Абдуллаев каби рассомларнинг асарлари ҳам экспозициядан ўрин олган. Галереянинг нумизматика бўлимидаги Ўрта Осиёда турли тарихий даврларда зарб қилинган тангалар Ўзбекистон тарихини ўзида акс эттиради ҳамда катта маданийтарихий ва илмий аҳамиятга эгадир.
Галерея Ўзбекистон ранг-тасвир асарларини тўплаш, сақлаш, республика бой маданиятини ўрганиш ҳамда тасвирий санъат асарлари кўргазмаларини уюштириш орқали кенг кўламда тарғиб қилиш ишларини амалга оширади, жаҳон бадиий маданияти ютуқларини ўрганади ва ҳоз. давр эстетикаси ва ижтимоий муаммоларига бағишланган илмий анжуманлар, маърузалар, семинарлар ташкил қилади, ахборотлар тайёрлайди ҳамда китоб, журнал, альманах, каталоглар нашр этади. Кўргазмалар ва тажрибалар алмашиш йўли билан, фестиваль, ярмарка, танловлар уюштириш воситасида илмий, маданий халқаро алоқаларни йўлга қўяди. Халқаро миқёсдаги тадбирларда қатнашади.