ЎЗБЕКИСТОН ТУМАНИ

ЎЗБЕКИСТОН ТУМАНИ — Фаргона вилоятидаги туман. 1926 йил 29 сентябр да ташкил этилган. 1962 йил 24 дек. да тугатилган, 1963 йил 17 апр. да қайта тузилган. Шим. дан Қўқон шаҳри, Фурқат тумани, жан. ва ғарбдан Тожикистон Республикаси, шим. ғарбдан Бешариқ, шарқдан Учкўприк туманлари, жан. шарқда Риштон тумани ва Қирғизистон Республикаси билан чегарадош. Майд. 0,69 минг км2. Аҳолиси 181,1 минг киши (2005). Ўзбекистон туманида 1 шаҳар (Яйпан), 1 шаҳарча (Шўрсув), 10 қишлоқ фуқаролари йиғини (Конизар, Мингтут, Нурсуқ, Овчи, Охунбобоев, Ражабгарди, Тоғоб, Қайнар, Қизилқақир, Ғаниобод) бор. Маркази — Яйпан шаҳри Табиати. Туман ҳудуди Фарғона вилоятнинг жан. ғарбида, Туркистон тизмасининг шим. этакларида жойлашган. Шим. да Сирдарёгача пасайиб боради. Туман шим. қисмининг ер юзаси текислик бўлиб, Шайтонкўл массиви ва Марказий Фарғона чўлининг давомидир. Туман ҳудудида фойдали қазилмалардан тоғ муми, газ, нефть, оҳактош, туз, гилмоя, керамзит ва бошқалар бор. Иқлими континентал, қуруқ. Янв. нинг ўртача т-раси —6°, —10°, энг паст т-ра —20°, июлнинг ўртача т-раси 28°, энг юқори т-ра 42— 45°. Ғарб, шим. ғарбдан тез-тез шамол эсиб туради. Кўқон шамолининг тезлиги 25—30 м/сек. Йиллик ёғин 130—140 мм. Вегетация даври 240—265 кун. Туман хўжаликлари ва аҳолиси Сўх дарёсидан сув олади. Сўх дарёси тармоқларидан: Найман, Яккатут, Сочтепа, Кўкдўппи сойлари, Чилгижийда, Нурсуқ, Аччисув ариқлари бор. Туман ҳудуди ўртасидан Катта Фарғона канали ўтган. Шўрсув сув омбори мавжуд. Тоғ этаклари, адирлар қумли, оч бўз тупроқли. Тоғ этаклари ва даштларда шувоқ, янтоқ, чақиртиканак, сой, ариқлар бўйида ялпиз, юлғун, ёввойи жийда, тоғ ва адирларда ёввойи пиёз ўсади. Шунингдек, ажриқ, аччиқмия, қўйтиканак, итбурун, қоқи, қирқбўғин, саломалайкум, қамғоқ, итузум, қўйпечак, семизўт, курмак сингари бегона ўтлар туманнинг ҳамма жойларида учрайди. Тоғ ва адирларда йиртқичлардан бўри, тулки, судралиб юрувчилардан дашт илонлари, калтакесаклар, кемирувчилардан сичқон, каламуш яшайди; қушлардан тустовуқ, сўфитўрғай, ёввойи ўрдак, чумчуқ кабилар учрайди.

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар; шунингдек, тожик, татар, рус ва бошқалар миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 262,5 киши. Шаҳар аҳолиси 23,1 минг киши, қишлоқ аҳолиси 158 минг киши (2005).

Хўжалиги. Туман хўжалигининг асосини пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, пиллачилик, мевачилик ташкил этади. Сабзавот, полиз экинлари, узум ҳам етиштирилади. Туманда жами хўжалик юритувчи субъектлардан кичик корхоналар, микрофирмалар, бошқа турдаги корхоналар, 2 қўшма корхона, шунингдек, савдо, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бор. Шўрсув шаҳарчасида сопол қувурлар з-ди фаолият кўрсатади. Туманда 5 ширкат, 500 дан зиёд фермер, 100 га яқин деҳқон хўжалиги мавжуд. 5,4 минг га ерга дон, 6,7 минг га ерга пахта, 482 га ерга сабзавот, 87 га полиз, 243 га ерга картошка, 1,4 минг га ерга озуқа экинлари экилади. 5,6 минг га ер токзор ва мевазор. Туман жамоа ва шахсий хўжаликларида 36,9 мингга яқин қорамол, (шу жумладан, 14 мингдан зиёд сигир), 31,5 минг қўй ва эчки, 100,6 минг парранда, 364 йилқи боқилади. 64 умумий таълим мактаби (45,1 мингга яқин ўқувчи), болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 2 мусиқа мактаби, 3 касб-ҳунар коллежи бор. 1 маданият уйи, 8 клуб муассасаси, ўлкашунослик музейи, туман марказий кутубхонаси ва унинг 34 та шохобчаси фаолият кўрсатади. Туман марказий касалхонаси, туғруқхона, поликлиника, қишлоқ врачлик пунктлари, тез тиббий ёрдам бўлими, дорихоналар ва бошқалар тиббий муассасаларда 326 врач, 1549 ўрта тиббий ходим ишлайди. «Яйпан овози» газ. чиқарилади (адади 5 минг).

Отабек Жўрабоев.