ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР ТЕАТРИ

ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР ТЕАТРИ — болалар, ўсмирлар ва ёшлар театри. 1928 йил Тошкентда врач С. Этьен ва рассом С. Мальт томонидан рус ёш томошабинлар театри сифатида ташкил этилган. 1998 йил май ойидан ҳоз. номда. Театр «Том тоғанинг кулбаси» (Б. Стоу) спектакли билан очилган. «Золушка», «Қор маликаси», «Оппоқойим ва етти гном» каби эртаклардан ташқари катта ёшдаги болалар учун ҳам спектакллар («Дон Кихот», «Икки бойга бир малай», «Горькийнинг ёшлиги» ва бошқалар) қўйилган. Театрда турли йилларда реж. лардан А. Гинзбург, Н. Ладигин, Я. Лобач, И. Радун, актёрлардан В. Султонова, Т. Цинкобуров ва бошқалар ишлаган. «Калтакесак» (А. Володин), «Азизим Елена Сергеевна» (Л. Разумовский) каби спектакллар шуҳрат қозонган. Театрнинг ижодий йўналиши миллий анъаналар, шунингдек, рус ва Европа саҳна санъатига асосланган. Театр спектакллари икки тил (ўзбек ва рус)да кўрсатилади.

«Зўраки табиб», «Кафтдаги юлдуз» («Зумрад ва Қиммат» эртаги асосида) каби спектаклларда ўзбек халқ масхарабозлик ва қизиқчиликларидан кенг фойдаланилган ва улар замонавий саҳна топилмалари билан бойитилган. «Театр зинапоялари» туркуми остида қўйилган спектаклларда жаҳон театри тарихи ёритиб борилмоқда. Театр репертуаридаги спектакллар янги ғоялар, ижодий фантазиялар синтези ва янги ифода воситалари билан суғорилган. «Умар Хайём буржи», «Шарора доимий раққоса», «Гугурт ушлаган қиз», «Томдаги скрипкачи», «Иблис аёл», «Маликаи Турандот», «Туҳфа қилинган севги ҳикояси», Навоий достонлари асосида яратилган «Қушлар тили» ва бошқалар шулар жумласидан.

Театр труппаси кўпгина халқаро фестиваллар (Қоҳира, 1992; Москва, 1992, 1998; Самара, 2000; Исроил, 2002 ва бошқалар) қатнашчиси. Театрнинг халқаро фаолият диапазони кенг. Театрнинг ўзи «Ҳумо» номи билан ёшлар театри, рақс ва мусиқа халқаро фестивалини ўтказди.

Театрда реж. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Г. Мустафин, балетмейстер М. Искандарова; Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ф. Режаматова, Ж. Юсупов; артистлардан А. Мильчакова, А. Холмирзаев, А. Картаев, Д. Купрей, Б. Йўлдошев, В. Васильева, О. Қаюмов, Л. Саидўғли, А. Бекмуродов, В. Владимирова, А. Тренина ва бошқалар фаолият кўрсатмоқдалар.

Театр ўз вазифасини ўсиб келаётган ёшларни тарбиялаш, уларни соғлом фикрлаш, замонга мос инсон бўлиб етишишига хизмат қилишда деб билади. Театрнинг бадиий раҳбари ва бош реж. и — Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Н. Абдураҳмонов.

Муҳаббат Тўлахўжаева.

Loading...