ЎЗБЕКИСТОН ЁЗУВЧИЛАРИ УЮШМАСИ

ЎЗБЕКИСТОН ЁЗУВЧИЛАРИ УЮШМАСИ — ёзувчиларнинг кўнгилли ижодий жамоат ташкилоти. 1934 йил 8 — 11 мартда бўлган Ўзбекистон ёзувчиларининг 1қурултойида ташкил этилган. Бунгача улар турли тўгарак ва уюшмалар ҳолида фаолият кўрсатган. Жумладан, 1919 йил «Чиғатой гурунги» номли адабий тўгарак атрофида уюшган жадидлар ўзбек миллий адабиётининг шаклланишига ҳисса қўшган. 1926 йилда Самарқандда «Қизил қалам» номли адабий ташкилот тузилган, бу ташкилотнинг Қўқон, Фарғона, Наманганда маҳаллий шохобчалари иш олиб борган.

Ўзбекистон Ёзувчилари Уюшмасининг биринчи раислигига адабиётшунос Раҳмат Мажидий сайланган. Турли йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари Уюшмасига Ҳ. Олимжон, Ойбек, Ш. Рашидов, Уйғун, А. Қаҳҳор, Б. Раҳмонов, С. Азимов, Ў. Умарбеков, О. Ёқубов ва бошқалар раҳбарлик қилган. 1996 йилдан уюшма раиси А. Орипов. Уюшманинг 700 дан ортиқ аъзоси бор. Вилоятларда ўз бўлимларига, Дўрмон қишлоғида ижод уйига, шифохона маскани, Адабиёт жамғармаси ва нашриётига эга. Муассислигида «Шарқ юлдузи», «Звезда Востока», «Ёшлик» жур. лари ҳамда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Ёзувчи» газ. лари чоп этилади. 2002 йилда Халқаро алоқалар ва бадиий таржима кенгаши ташкил этилди.

Loading...