«ЎЗБЕКТЕЛЕФИЛЬМ» — телевидениеда кўрсатишга мўлжалланган бадиий ва ҳужжатли фильмлар киностудияси. 1970 йил Тошкентда ташкил этилган. «Ўзбектелефильм» нинг ташкил бўлиши ва ривожланиши Ғ. Расулов, Ф. Рашидов, У. Бурҳонов кабилар номи билан боғлиқ. Фаолиятининг дастлабки йиллари кўпгина хроникал фильм, телекиножурнал, фильмспектакль, фильмконцертлар ишлаган. «Ўзбек мадоннаси», «Учинчи ҳақиқат», «Орол — тақдирим менинг», «Бойсунда қорлар эриганда», «Хивача ажралиш», «Космогония» каби ҳужжатли, «Шашмақом», «Кўғирчоқбоз», «Азиз» сингари қисқаметражли бадиий фильмлар ишланди. «Эшмат — сахий фаришта», «Севгилисини топиш», «Ана ўша Насриддин», «Олмани менга қараб от», «Бойчечак», «Лафз», «Чархпалак», «Очиқ дарс», «Менинг шотландиялик дўстим», «Бахт гуллари», «Зумрад ва Қимматнинг янги саргузаштлари» каби турли мавзудаги фильмлар чиқарилди. Ўз фаолияти давомида кўпгина ҳужжатли, хроникал, илмийоммабоп, публицистик, бадиийпублицистик, мусиқали, тележурнал, болалар учун телефильмлар ишлади.
Мустақилликдан сўнг «Ўзбектелефильм» фильмларининг мавзу ва ғоявий йўналиши ўзгарди. Республика ҳаётини тасвирлаш янгича тус олиши, буюк тарихий шахсларимизга бағишланган фильмларнинг кўпайиши кўзга ташланади («Буюк Турон», «Амир Темур», «Мирзо Улуғбек», «Паҳлавон Маҳмуд» ва бошқалар). «Ўзбектелефильм»да «Буюк аждодларимиз» номли туркум фильмлар ишлаш йўлга қўйилди. «Имом ал-Бухорий», «Баҳоуддин, Нақшбанд», «Жалолиддин Мангуберди», «Бурҳониддин Марғиноний», «Алишер Навоий» ва бошқалар шулар жумласидан. Шунингдек, «Биз билган ва билмаган тарих» туркуми остида «Миллий университет», «Мусиқа саройи» каби телефильмлар ишланди. Студия кейинги йиллар кўп қисмли телевизион бадиий фильмлар ишлаш бўйича ўз тажрибасини орттириб бормоқда: «Чархпалак» (13 қисм), «Лафз» (6 қисм), «Увайсий» (6 қисм), «Хуршида» (4 қисм), «Акбарнинг саргузаштлари» (6 қисм), «Меҳробдан чаён» (15 қисм), «Қайтмас» (6 қисм) ва бошқалар «Ёруғлик», «Тўкинлик» номли телевизион ҳужжатли фильмлар долзарб мавзу, мустақиллик неъматларини кўрсатишда энг яхши фильмлардир. «Ўзбектелефильм»да яратилаётган мусиқали фильмлар мавзуга янгича ёндашилгани, томошавийлиги ва ўзига хос миллийлиги билан ажралиб туради («Дилга яқин қўшиқлар», «Созлар навоси», «Мозийдан садо», «Ҳофизлар куйлаганда», «Мусиқий саёҳат» ва бошқалар). «Ўзбектелефильм» рўйхатидан этнографик, маданий ҳаётга оид, манзарали фильмлар кўпроқ ўрин олган. «Ўзбекистон нимаси билан бой», «Хонатлас», «Дард», «Дўппи», «Қўқон ёдгорликлари», «Тандир, арча, олов», «Мош табиб», «Марғилон ипаги», «Кулолчилик», «Бахмал» ва бошқалар шулар жумласидан. Студияда Ш. Жунайдуллаев, Б. Аҳмедов, С. Аҳмадхўжаев, Э. Давидов, Т. Аҳмадхўжаев, Н. Қўлдошев, Ш. Бизаатов, Ш. Хўжаев, С. Бобоев, Э. Мирзаев каби реж. лар, Н. Герасимов, А. Авазхўжаев, К. Каримов, М. Солиев, Б. Назруллаев, А. Қориев, А. Кўчқоров ва бошқалар операторлар меҳнат қилиб келмоқда. 70—80-й. лар телефильмлари асосан кинотасмага туширилган. 1997 йил «Ўзбектелефильм» қошида дубляж гуруҳи ташкил этилди (ташкилотчилари Б. Абдуллаев, йилАбдукаримов).
Дубляж қилинган фильмлардан «Оқибат», «Қундуз амакининг қиссалари», «Бу ҳам кино», «Зита ва Гита», «Жиловланмаган Африка», «Минг бир кеча», «Қалбим чечаги», «Чолиқуши», «Эдемга қайтиш», «Қирол шер2», «Гладиатор», «Филипп Марлоу», «Рамаяна», «Клеопатра», «Даллас» ва бошқалар. Ҳоз. кунда «Ўзбектелефильм» ижод йўналишида изланиш кузатилмоқда. Ҳужжатли, хроникал, мусиқали фильмлардан ташқари сериаллар ишлашга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда.
Сабоҳат Ҳайитматова.