ЎЗГАН ЗИЛЗИЛАСИ — 1924 й 6 ва 12 июлда Фарғона водийсининг жан,шарқида Ўзган шаҳри атрофида содир бўлган зилзилалар. Уларнинг магнитудаси 6,4 ва 6,5 бўлиб, биринчиси 7—8 балл, иккинчиси 8—9 балл билан тебранган. Тўсатдан ер остидан чиққан гулдираган кучли товуш одамларни ваҳимага солган. Зилзила ўчоклари ер қаърида 22 км дан 14 км гача бўлган чуқурликда жойлашган. Эпицентр зоналари Қуршоб атрофидаги антиклиналь геологик структуралар билан боғлиқ бўлиб, Қуршоб ер ёриқлари бўйича йуналган. Ана шу ер ёриқларининг ҳоз. замон тектоник ҳаракатлари натижасида ер ости қатламларнинг бир-бирига нисбатан силжиши зилзила ўчоқларини келиб чиқишига сабаб бўлган. Бу зилзилалардан Ўзган, Ясси ва Андижон шаҳрилари ва атрофдаги қишлоқлар катта талафот кўрган. Айниқса, 12 июлдаги тебраниш натижасида бу жойларда 2000 га яқин бинолар ер билан яксон бўлиб, 950 тасига катта шикаст етган. Андижон шаҳрида 1902 йилдаги зилзиладан сўнг қурилган янги иморатлар ҳам зарар кўрган. Узганда фақат масжид минораси сақланиб қолган. Зилзиладан Қуршоб дарёси соҳилида пайдо бўлган кўчкилар йўл ва қишлоқларга ёпирилиб тушиб, бир неча ўнлаб одамлар ва чорва молларини ҳалокатга учратган ҳамда 100 га яқин иморат кўчкилар тагида қолган. Қудуқларда сув сатҳи кўтарилиб, баъзи жойларни сув босган.
Олдиёр тоғлари ён бағрида ер ёрилган ва тоғ жинслари ҳаракатга келиб, каттакатта тош бўлаклари қулаган ва баъзи жойларда ўпирилмалар ҳосил бўлган. Кейинги йилларда сейсмотектоник изланишлар натижасида Қуршоб ер ёриқларида 7—8 балли зилзилалар бўлиш эҳтимоли бўлган Қуршоб сейсмоген зонаси ажратилган. Бу зонанинг давомида 1974 йилда бир неча кучли зилзилалар бўлган.