ЎЗИНИ ЎЗИ ЎЛДИРИШ ДАРАЖАСИГА ЕТКАЗИШ — шахсга қарши жиноят. Бундай жиноят шахсга шафқатсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадрқимматини муттасил равишда камситиш йўли билан содир этилади. Шафқатсиз муомала жабрланувчи билан қўпол ва аёвсиз муносабатда бўлишни англатиб, калтаклаш, иссиқликдан, озиқовқатдан, сувдан ва ҳ. к. дан маҳрум этиш орқали амалга оширилиши мумкин. Бунда жабрланувчига жисмоний ёхуд руҳий азоб етказилади. Шахснинг шаъни ва ғурурини мунтазам таҳқирлаш ҳоллари туҳмат қилиш, ҳақоратлаш, таъқиб этиш ва ҳ. к. да намоён бўлади. Бу хилдаги хаттиҳаракатлар билан шахсни ўзини ўзи ўлдириш ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш қонунда назарда тутилган жазони келтириб чиқаради (Ўзбекистон Республикаси ЖК, 103-модда).