«ЎЗКАБЕЛЬ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ — электротехника саноатининг йирик корхонаси. Тошкент шаҳрида жойлашган. «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси таркибига киради. Энергетика, геология, т. й. транспорти, алоқа, машинасозлик ва бошқалар саноат тармоқларида ишлатиладиган турли хил кабель маҳсулотлари: юқори кучланишли электр кабеллари, шаҳар телефон тармоқлари ва узоқ масофалар алоқа кабеллари; қопламали электр симлари, пайвандлаш, электр энергиясини узатиш симлари, нефть насослари учун кабеллар, геофизика кабеллари ва симлари ишлаб чиқаради. Тошкентга эвакуация қилинган «Электрокабель» з-ди асосида 1941 йил нояб. да ташкил қилинган.
Уруш йилларида ҳарбийдала алоқаси учун симлар ишлаб чиқарган. Урушдан кейин геофизика тадқиқот кабеллари, йўлларни электрлаштириш учун контактли симлар ишлаб чиқаришда етакчи корхонага айланди. Корхонада мис катанка ишлаб чиқаришдан бошлаб мураккаб кабель маҳсулоти турларини ишлаб чиқаришгача тўлиқ технологик цикл яратилган. 1995 йилдан очиқ турдаги акциядорлик жамияти. 2003 йилдан чет эл инвестицияси иштирокидаги ЎзбекистонАмерика қўшма корхонаси акциядорлик жамияти («2еготах» компанияси корхона акцияларининг 64% га эга). Корхона АҚШ, Италияда ишлаб чиқарилган ускуналар билан жиҳозланди. Маҳсулотлари сифати халқаро стандартларга жавоб беради. 2004 йилда 99 т мис сим, 75 т троллей симлари, 254 км узоқ алоқа кабеллари, 1458 км геофизика кабеллари, 9322 км ёритиш кабеллари ва бошқалар маҳсулотлар ишлаб чиқарилди, экспорт 11 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Маҳсулотлари Россия, Украина, Қозоғистонга ва бошқалар мамлакатларга чиқарилади. Москва, Екатеринбург, Олмаота, Чимкент, Киевда савдо уйлари очилган. Халқаро «Электркабель» кабель маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар уюшмасига аъзо.