ЎЗЛАШТИРИШ (педагогикада) — ўқувчи ёки талабалар эгаллаган билим, кўникма ва малакаларнинг тўлалиги, чуқурлиги, онглилиги ҳамда мустаҳкамлиги даражасини англатувчи педагогик тушунча. Ўзбекистонда Ўзлаштиришнинг даража ва кўрсаткичлари ўқувчи ёки талабаларга таълим давлат стандартлари ва ўқув дастурларида белгилаб қўйилган талаблардан келиб чиқиб, рейтинг баллари ҳамда беш балли баҳо тарзида белгиланади.
Умумтаълим мактабларида Ўзлаштириш чораклик, ярим йиллик ва йиллик тарзида фаркланади. Олий ўқув юртларида Ўзлаштириш ўқув семестрлари миқёсида аниқланади. Ўзлаштиришнинг кўтарилганлиги ёки пасайганлигини аниқлашда оралиқ муддат, муайян вазиятдан келиб чиқиб, эркин белгиланиши мумкин. Бундай ҳолларда бир ёки бир неча ўқувчининг, муайян синфдаги ўқувчиларнинг, мактаб, туман ёки вилоят мактабларидаги барча ўқувчиларнинг белгиланган ихтиёрий бир даврий оралиқ (бир чорак, бир ўқув йили, бир неча ўқув йили)даги Ўзлаштириши аниқланиши мумкин. Ўқувчиларнинг Ўзлаштириш ини бир ўқув фани бўйича аниқлаш мумкин бўлганидек, бир неча ёхуд республика талаба танлов марказида қилинаётгани каби барча ўқув фанлари бўйича ҳам аниқлаш мумкин.
Юқори Ўзлаштиришга эришиш миллий педагогик амалиёт олдида турган энг муҳим вазифалардандир. Чунки ўқувчи ва талабаларнинг интеллектуал ривожланиши ҳамда касбий тайёргарлиги уларнинг Ўзлаштириш даражаларига бевосита боғлиқ. Ўзлаштиришни юксалтириш учун таълим жараёнини ўқувчи ҳамда талабаларнинг ёш ва психологик хусусиятларига мувофиқ уюштириш, илғор педагогик технологиялардан кенг фойдаланиш, илм-фаннинг сўнгги ютуқларини қўллаш, ўқувчи ёки талабаларни ўқитиш жараёнининг фаол иштирокчисига айлантириш, уларни энг замонавий дидактик воситалар билан таъминлаш лозим бўлади.