ЎЗЛАШТИРМА ГАП — синтактик ҳодисалардан бири. Ўзгалар гапининг мазмуни сақланиб, грамматик шакли ёки гап қурилиши ўзгартириб берилиши Ўзлаштирма гап ҳисобланади. Бунда муаллиф бошқалар гапининг грамматик ва айрим лексик хусусиятларини ўзгартирган ҳолда ўзлаштириб, ҳикоя қилиб беради. Ўзлаштирма гап кўчирма гапдан оҳанги ва айрим феъл шаклларининг ишлатилмаслиги билан ҳам ажралиб туради. Кўчирма гапда жуда кўп қўлланадиган демоқ феълининг деб, деди, дейди, деган эди каби шакллари Ўзлаштирма гапда деярли қўлланмайди. Ўзлаштирма гапда унинг ўрнида кўпроқ айтмоқ, гапирмоқ, таъкидламоқ феъллари ишлатилади: Ўқитувчи она тилини яхши билмасдан, бошқа фанларни чуқур эгаллаш мумкин эмаслигини таъкидлади.
Кўчирма гап Ў. г. га айлантирилганда, баъзан унинг услубий хусусиятлари ҳам ўзгаради. Айниқса, сўзловчининг нутқ жараёнига турли муносабатини ифодаловчи айрим кириш сўзлар, ундовлар; ахир, хўш, ҳа, йўқ, хўп, майли каби гап билан боғланмаган элементлар, сўзгаплар кўпинча тушиб қолади: Хўш, қандай янгиликлар бор? — сўради Ўктам/ Ўктам қандай янгиликлар борлигини сўради.
Ўндов гап, атов гап, риторик сўроқ гап кабиларни Ўзлаштирма гапга айлантириб бўлмайди: Ана замон! Ана ҳикмат! — деди Саксон ота яйраб кулиб. Эҳ, аттанг, аттанг, қандай беғамлик! — деди у жаҳли чиқиб.
Кўчирма гап қанчалик мураккаб тузилган бўлса, уни Ўзлаштирма гапга айлантириш шунчалик қийинлашади.