ПАДАНА ТЕКИСЛИГИ

ПАДАНА ТЕКИСЛИГИ, ПаданаВенеция текислиги — Италиянинг шим. қисмидаги текислик. Альп ва Апеннин тоғлари билан Адриатика денгизи оралиғида. Падана текислиги усти қалин денгиз ва дарё жинслари билан тўлган тектоник букилма. Уз. 500 км чамасида, эни 200 км гача. Ер юзаси, асосан, текис, баландлиги ғарбида 300—400 м. Текисликнинг марказий қисмидан По дарёси ва унинг ирмоқлари оқиб ўтади. Иқлими субтропик, айрим_ жойларида мўътадил иқлим. Янв. нинг ўртача т-раси 0—4°, июлники 22—24°. Йиллик ёғин 600—1000 мм. Тошқинлар бўлиб туради. Ўрмонлар қирқилиб ўрни экинзорга айлантирилган. Падана текислиги — Италиянинг асосий саноат ва қ. х. р-ни. Буғдой, маккажўхори, шоли экилади. Токзорлар ва мевали боғлар бор. П. т. да Милан, Турин, Венеция, Болонья ш. лари жойлашган.

Loading...