ПАНЖОБИ

ПАНЖОБИ, панжоб тили — ҳинд (ҳинд-орий) тилларидан бири. Ҳиндистондаги Панжоб штатининг расмий тили; шунингдек, Покистоннинг айни номдаги вилоятида тарқалган. Сўзлашувчиларнинг умумий сони 90 млн. кишидан ортиқ (Ҳиндистонда 30 млн. га якин, Покистонда 60 млн. дан кўпроқ). Асл Панжоби (шарқий Панжоби) бир қанча лахжаларга бўлинади; уларнинг асосийлари: мажҳи (адабий тилга асос бўлган) ва догри (алоҳида хусусиятларга эга бўлиб бормоқда). Унга лингвистик адабиётларда «лаҳнда (ленди)» деган умумий ном олган ғарбий панжоб тиллари ва лаҳ-жалари қўшилиб кетади.

Тузилишига кўра, Панжоби ҳиндий ва урду тилларига яқин. Аслида агглютинатив тил бўлган Панжобида кейинчалик флексия ҳам ривожланган. Лексик, грамматик жиҳатлари ҳиндий тилига ўхшасада, фонетик жиҳатдан ундан кескин фарқ қилади. Панжобида чўзиқ ва қисқа унлилар, ўзига хос ундош товушлар бор; сўз урғуси кучли. Отлар 2 жинс ва 6 келишик шакллари билан ўзгаради. Луғат таркибининг тахм. 60%ини қад. ҳинд тилига мансуб сўзлар ташкил этади. Унда араб, форс, туркий ва инглиз тилларидан ўзлашган сўзлар ҳам анчагина.

Панжобида яратилган дастлабки бадиий асарлар 12—13-а. ларга тааллуқли бўлсада, у асосан 16-а. дан ривожланган. П. Ҳин-дистонда ҳиндий тили, Покистонда урду тили таъсирида ривожланмоқда. П. Ҳин-дистонда сикхлар томонидан 16-а. да яратилган гурмукҳи ёзуви ҳамда деванагаридан, Покистонда араб алифбоси асосидаги урду ёзувидан фойдаланади.

Loading...