ПАРЕМИОЛОГИЯ

ПАРЕМИОЛОГИЯ (юн. paroimia — ҳикматли сўз, зарбулмасал ва… логия) — 1) маълум бир тилдаги авлоддан авлодга оғзаки шаклда кўчиб юрувчи, ихчам ва содда, қисқа ва мазмундор, мантиқий умумлашма сифатида пайдо бўлган мақол, матал, афоризм каби ҳикматли ибораларни — паремаларни ўрганадиган фан соҳаси;

2) муайян тилда мавжуд бўлган мақол, матал, афоризм каби ҳикматли иборалар — паремалар тизи-ми. Паремалар авлоддан авлодга фақат оғзаки ҳолдагина ўтиб келганлиги, халқ оғзаки ижодининг маҳсули бўлганлиги учун адабиётшуносликнинг ўрганиш объекти ҳисобланади, чунки уларнинг аксарияти кўпинча шеърий шаклга ўхшайди ва уларда ўхшатиш, антитеза, анафора, аллитерация, киноя, пичинг каби бир қанча тасвирий воситалар қўлланади. Шу билан бирга паремалар сўзлардан тузилиб, маълум бир фикрни ифодаловчи гаплардан иборат бўлгани учун тилшуносликнинг ҳам ўрганиш объектидир. Паремиология ана шў 2 жиҳатни ўзида бирлаштиради. Паремаларнинг келиб чиқиши, тарихан ривожланиши ва маъно хусусиятларини ўрганувчи Паремиология фразеология билан чамбарчас боғлиқ. Паремиология тилда мавжуд бўлган турли хил барча ибораларни ўрганади, фразеология эса унинг бир қисми сифатида фақат кўчма маъноли турғун бирикмаларни ўрганади. Шу жиҳатдан улар ўзаро фарқланади. Ўрганиш объектининг бирлиги, яъни бир неча сўздан ташкил топган турғун, барқарор бирикмаларни текшириш Паремиология билан фразеологиянинг ўхшаш, умумий томони ҳисобланади. Паремаларни тўплаш, ўрганиш Маҳмуд Кошғарий («Девону луғотит турк») ва Гулханий («Зарбулмасал») замонларидан то ҳоз. кунларгача давом этиб келмоқда.

Ад:. Бердиёров Ҳ., Расулов Р., Узбек тилининг паремиологик луғати, Т., 1984.

Абдуваҳоб Мадвалиев.

Next Article

ПАРЕТО