ПАРОТИТ (пара… ва юн. otos — қулоқ) , тепки — кулоқ олди сўлак безининг яллиғланиши. Эпидемик бўлмаган Паротит ва эпидемик паротит фаркданади. Ўткир эпидемик бўлмаган Паротит кўпроқ катта ёшдаги кишиларда кузатилади ва юқумли касалликлар (тиф, дизентерия ва б.), оғир операциялар, безларнинг зарарланиши, стоматит ва б. оқибатида пайдо бўлади, кўпинча стафилококклар қўзғатади. Касаллик бошланишида сўлак безлари шишиб, қаттиқ бўлиб қолади, оғиз қақрайди, пастки жағнинг ҳаракатланиши қийинлашади. Гавда т-раси кўтарилиб, без йўлидан йиринг ажралади. Баъзан юз нерви зарарланиб неврит пайдо бўлиши, без массасининг некрозга учраши, абсцесс вужудга келиши ва б. асоратлар қолиши мумкин. Касаллик, асосан, 10—15 кунда тузала бошлайди ёки қайталаб турадиган сурункали шаклга ўтади.
Давоси. Шишни қайтарувчи доридармонлар, антибиотиклар, парҳез буюрилади, абсцесс ҳосил бўлганда операция қилинади.