ПАВЛОДАР ВИЛОЯТИ

ПАВЛОДАР ВИЛОЯТИ — Қозоғистондаги вилоят. 1938 й. 15 янв. да ташкил этилган. Майд. 124,8 минг км2. Аҳолиси 854,2 минг киши (1999). Асосан, қозоқлар, рус, украин, татар, белорус, молдаван, мордва, чуваш, удмурт,бошқирд ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Маркази — Павлодар ш.

Табиати. Павлодар вилояти республиканинг шим.шарқий қисмида, ўрмонли дашт, дашт ва чала чўл зоналарида, Иртиш дарёсининг ўрта оқимида жойлашган. Фойдали қазилмалари: тошкўмир ва қўнғир кўмир, мис ва полиметалл рудалари, кўлларда ош тузи ва глаубер тузлари бор.

Иқлими кескин континентал. Июлнинг ўртача т-раси 20°—22°, янв. ники — 19,5°, —17,5°. Йиллик ёғин 220—320 мм. Вегетация даври 167—178 кун. Энг йирик дарёси — Иртиш; кўл кўп. Павлодар вилоятининг катта қисми тўқ каштан тупроқли чаловбетага даштидан иборат.

Даштларда оқ товушқон, юмронқозиқ, қўшоёқ, бўри, тулки, латча, тўрғай, бедана, ўрдак, балчиқчи қуш яшайди. Кўлларда балиқ тури кўп.

Хўжалиги. Павлодар вилоятида йирик саноат, хусусан, энергетика, ёқилғи, металлургия, машинасозлик, кимё саноати, шунингдек, енгил ва озиқ-овқат саноатлари устун туради. Энергетикасини вилоятдаги Экибастуз кўмири, шунингдек, Кузнецк ва Қарағандадан келтирилган кўмир ташкил этади. Кончилик вилоят саноатининг асосий тармоғидир. Кўмир (Экибастуз ва Мойкубен конлари) ва рангли металлар ҳамда олтин (Майқаин, Бўзшакўл), Иртиш дарёси бўйидаги кўллардан туз, Иртиш водийсидан ўтга чидамли гил ва оҳактош қазиб олинади. Деярли барча ишлов берувчи саноат корхоналари Павлодарда жойлашган. Павлодарда алюминий, Ермакда ферроқотишма з-длари ва ГРЭС, Омск—Павлодарчимкент нефть қувури ва нефтни қайта ишлаш з-ди ишлаб турибди.

Қ. х. да ғаллачилик етакчи ўринда, озуқа, техника экинлари, картошка, сабзавот ва полиз экинлари экилади.

Т. й. 574 км, автомобиль йўллари 8000 км дан зиёд. Иртишда мунтазам кемалар қатнайди. Павлодар ҳаво йўли орқали Павлодар вилоятининг барча туман марказлари ва Қозогистон вилоят марказлари ҳамда бошқа шаҳарлар билан боғланган. 2 олий ўқув юрти, 3 музей, театр, Муялди балчиқ курорти, 3 дам олиш уйи, 5 санаторий бор.

Loading...