ПАХТА ТОЛАСИ

ПАХТА ТОЛАСИчигит қобиғида етиладиган ингичка, узун, силлиқ ва пишиқтабиий тола. Асосан, пахта целлюлозасидан иборат. Пахта тозалаш корхоналарида чигитдан ажратиб олинади. Ип ва тўқимачилик маҳсулотлари тайёрлашда ишлатилади. Пахта толаси дан, асосан, тўқимачилик саноатида турли ип газлама (сатин, батист, зефир, тўр, поплин ва ҳ. к.), трикотаж ва б. ишлаб чиқарилади, йигирилган ип тайёрланади. Ундан авиация, электротехника ва автомобиль саноатида парашют, махсус қистирмалар, изоляция материаллари, транспортёр ленталари, автошиналар, юритма тасмалари ва б. ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, момиқ пахта, тўқилмаган материаллар ва б. олишда ҳам ишлатилади.

Чигит қобиғида ривожланиб борадиган Пахта толаси уруғкуртак пўстидаги бўйига жуда ўсиб кетган ҳужайрадир (ҳужай-ратола). Ғўзанинг қайси турига мансублигига, ҳужайраларнинг ривожланиш даври ва функцияларига қараб, чигит қобиғи таркибига кирадиган ҳужайраларнинг тузилиши, каттакичиклиги ҳар хил бўлади. Пахта толасининг ички бўшлиғи канал шаклида бўлиб, ҳужай-ра шираси ва юпқа протоплазма қатлами билан тўлиб туради. Пахта толасининг канали хдм, толанинг ўзи сингари, ривожланишнинг бошланғич фазаларида шаклан цилиндрга ўхшаган бўлади. Тола етилиб борган сайин, унинг деворлари калинлашади ва бўйига чўзилади, канали эса жуда кисилиб, яссиланган шаклга кириб қолади. Тола каналининг каттакичиклиги ғўзанинг тур ва нав хусусиятларига, шунин-гдек, агротехника шарт-шароитларига боғлиқ, чунки ғўза парвариши целлюлоза тўпланиб боришига таъсир кўрсатади. Ҳозир экиладиган ғўза навларида ҳар бир чигитда ҳосил бўладиган тола сони 10 — 15 минг ва ундан хам кўпроқ. Ғўзанинг маданий шаклларида тола диаметри унинг ўрта қисмида 15—20 мк атрофида, ёввойи шаклларида 8,3—10,4 мк келади (НА. Власова, 1974), тола узунлиги маданий навларда 42 мм гача, ай-рим турларида, хатто, 60 мм га боради. Ғўза навлари ва муҳит шароитларига қараб кўсакдаги тола 50—60—80 кунда пишиб етилади.

Пахта толаси таркиби (%): целлюлоза — 90,35 — 94,6; сув — 7; сувда эрийдиган моддалар — 0,5; инкрустация моддалари — 0,75; ёғ ва мум — 0,4; азот моддалари —0,5; кул — 0,12. Тола девори бир неча катламли тузилишга эга (расмга қ.). Қалинлиги 1 мк дан кичик бўлган ташки катлам биринчи девор ёки кутикула (1— 3) дейилади. Кутикула кимёвий таркиби ва тузилиши бўйича асосий целлюлоза деворидан жиддий фарқ қилиб, таркибида (% ҳисобида) целлюлоза —54, оқсил —14, пектин моддалари —9, мум —8, кул —3, кутин —4 бор. Турли саноат навларининг кимёвий таркиби ҳам турлича. Тола таркибида гидрофоб хоссали мум борлиги учун тола яхши ҳўлланмайди. Пахта толаси, асосан, шаффоф моддалар (целлюлоза, ёғ, мум) дан ташкил топсада хира бўлади, чунки таркибида ҳар хил майда қўшимчалар бор. Ёруғлик биринчи девор сиртидан нотекис кайтиши туфайли тола оқ бўлиб кўринади. Толанинг биринчи нави оқроқ, паст навлари тўқроқсариқ ёки жигарранг бўлади.

Тола куйидаги физик-механик ва технологик (целлюлоза микдори ва тузилишига боғлиқ ҳолда) хоссаларга эга: чизиқли зичлик, етилганлик, толанинг узилиш кучи ва ҳ. к. Ҳозир қабул қилинган стандартга кўра тола етилганлиги ҳамда ранги ва ташки кўринишга кўра 5 навга, толанинг штапель масса-узунлиги ёки юқори ўрта узунлиги бўйича 9 типига бўлинади. Ғўзанинг узун толали навларидан олинадиган тола 1а, 16, 1, 2, ва 3 типларга, ўрта толали навларидан олинадитани 4—7 типига киради. Пахтага дастлабки ишлов бериш жараёнида тола механик ши-кастланиши мумкин. Бундан ташкари, толанинг ўз нуқсонлари ҳам бўлади.

Толанинг сифати, намлиги, нуқсонлари ва ифлос аралашмалар микдори тегишли стандартларга мое бўлиши керак. Пахта толаси тозалаш корхоналарида пресслаб тойланади.

Ад.: Канаш М., М ирхўжаев М., Пахта толаси, 1976; Попова Г. Я., Биология развития хлопкового волокна и его технологические свойства, Т., 1975; Коган М . И ., Технический прогресс и качество хлопкового волокна, Т., 1977; Пахта сифа-тини яхшилаш омиллари, Т., 1977.

Акмал Аҳмедов.

Loading...