ПАЙ ЧЎЗИЛИШИ, дисторсия — бўғимлардаги лайнинг шикастланиши. Бунда пай ёки унинг толалари, баъзан пайнинг суякларга бирикадиган қисми узилади, лекин бўғимдаги суякларга шикаст етмайди. Кўпинча болдир-оёқ панжаси бўғими пайлари чўзилади. Пайлар чўзилганда қаттиқ оғриқ пайдо бўлади, бемор оқсаб қолади; бўғим атрофи шишади, териси кўкаради, бўғимда ҳаракат қийинлашади. Пайлар узилганда бемор оёғини боса олмайди, бўғимлари шишиб кетади, қон қуйилиши мумкин. Пай чўзилишига аҳамият бермай врачга мурожаат қилинмаса, шикаст сурункали тус олиб, касаллик узоқ вақт беморни безовта қилиши мумкин. Пай чўзилганда, биринчи навбатда, пайи чўзилган бўғимни бинт билан сиқиб боғлаб, оғриқ кучли бўлса, бўғимга ором бериш, уни қимирлатмаслик, зудлик билан врачга мурожаат қилиш керак. Тўғри даво қилинса, бемор ҳеч қандай асоратсиз тузалиб кетади, акс ҳолда, Пай чўзилиши тез-тез такрорланиб туриши мумкин. Пай чўзилишининг олдини олиш учун (хусусан, спортсменларда) мускул системаси тонусини бир маромда тутиш, спорт ўйинлари вақтида эластик бинт б-н бўғимни сиқиб боғлаб олиш, махсус спорт пойабзали кийиш ёки тиззабанд тақиш тавсия этилади.